Click to listen highlighted text!

МАҲСУЛОТ ЭКСПОРТГА ТАЙЁР

      Сирдарё вилоятидаги “GULISTON MED TEXNIKA” масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхонада йилига 192 миллион дона бир марталик шприц ҳамда 24 миллион дона инфузион система ишлаб чиқариш қуватига эга бўлган Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида иш 2 сменада олиб борилмоқда.
Биринчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда изчил амалга оширилган туб ислоҳотлар самараси барча соҳалар, айниқса, иқтисодиётда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил оширишда яққол намоён бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Қўшма корхонанинг лойиҳа қиймати 7,3 миллион доллар бўлиб, бу маблағнинг 6,5 миллион долларини хориж инвестицияси, 5 миллиард сўмини “Асакабанк” вилоят филиалидан олинган кредит маблағлари ташкил этади.
Айни чоғда, Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган корхонада иш икки сменада иш ташкил этилиб, 210 киши доимий иш билан таъминланган. Бу ишлаб чиқариш корхонасида йилига 192 миллион дона бир марталик шприц ҳамда 24 миллион дона инфузия системаси ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Ушбу маҳсулотларни ички бозорда сотишдан ташқари, маҳсулотнинг экспорт ҳажми ҳам жорий йилда 10 фоизини, кийинги йилларда 20, икки йилдан сўнг 40 фоизини ва босқичма-босқич ўсиб бориши режалаштирилган. Қўшма корхонада ишлаб чиқарилган бир марталик шприц ва инфузия системалари Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларига экспорт қилиш назарда тутилган.
Бу ерда меҳнат қилаётган ходимларнинг асосий қисмини вилоятдаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар ташкил этадир.
– Ўтган йили Гулистон тиббиёт коллежини тамомлаб, шу корхонага ишга жойлашдим, – дейди корхона ишчиси Муниса Тўхтамишева. – Шаҳримизда ана шундай корхонанинг ташкил этилгани, айниқса, биз, ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Бу ерда биз ёшларнинг фаол меҳнат қилишимиз, дам олишимиз учун барча шароитлар яратиб берилган. Меҳнатимизга яраша яхшигина ҳақ олаяпмиз.
Корхона ходимлари махсус кийим-бош, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. 2 гектарлик майдонни эгаллаган қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш, қуюв, қадоқлаш, инфузия системасини териш цехлари, лаборатория, тайёр маҳсулотлар омбори ҳамда 80 ўринли ошхона, 20 ўринли ётоқхона, тиббиёт хонаси, турли тадбирлар ўтказишга мўлжалланган анжуманлар зали ва маъмурий бинода яратилган шарт-шароитлар, бу ердаги озодалик, ободончилик, тартиб-интизом ҳавас қилса арзигулик даражада. Барпо этилаётган замонавий спорт мажмуасида ҳам қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
– Ишлаб чиқрган маҳсулотларимиз экспортга тайёр, айни чоғда, республика Фармацевтика қўмиитасига рўйхатдан ўтказиш учун юборганмиз, – дейди “GULISTON MED TEXNIKA” қўшма корхонаси бош директори Алишер Тўйчибоев. – Ишлаб чиқарган маҳсулотимизнинг сифати ва хавфсизлигига тўла кафолат бера оламан. Қўмитадан ижобий жавоб келишига эса ишончим комил. Маҳсулотларимиз рўйхатга олиниши билан бир марталик шприц ва инфузия системаларимизни амалда қўлланишга чиқарамиз.
Хориждан келтирилган хомашё охирлаб боряпти. Шўртан газ-кимё корхонасидан полиэтилен хомашёси сотиб олишга келишиб олдик. Устюрт газ-кимё мажмуасидан полепропилэн хомашёси харид қилиш мақсадида келишув жараёни бормоқда. Ҳозирча, келишувда бироз муаммо юзага келиб турибди. Чунки улар хомашёсига хориж валютасида ҳақ тўлаш шартини қўйишяпти. Бизнинг корхонамиз эса маҳаллийлаштириш Давлат дастурига киритлган. Шу сабабдан хомашёни миллий валютага харид қилишимиз талаб этилади. Умид қиламизки, мутасадди юқори ташкилотларимиз ҳамда корхонамиз таъсисчилари бу муаммони бартараф этишда биздан ўз амалий ёрдамларини аяшмайди.
Дарвоқе, “GULISTON MED TEXNIKA” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида тез орада игна ишлаб чиқариш цехи ҳам фаолиятини бошлайди. Бу эса маҳсулот тури ва ҳажмини ортиши баробарида, қўшимча 100 та янги иш ўринлари яратилишидан далолат беради. Шунингдек, келгуси йилдан корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми яна икки баробарга кўпайтирилиши режалаштирилмоқда. Демак даромад ҳам ортади, қўшимча янги ишчи ўринлари ҳам пайдо бўлади.

Жалол РАЖАБ, журналист

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!