КЎНГИЛЛАРГА ОБОДЛИК УЛАШИБ
Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида барча соҳада изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилаётгани билан алоҳида қадрли ва аҳамиятлидир. Хусусан, ўтиб бораётган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили“да юртимизда аҳолини қўллаб – қувватлаш борасида нечоғли ибратли ишлар бажарилаётганлигига амин бўлмоқдамиз. Бу ҳақда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Камолиддин Оқбўтаев шундай дейди:
– Мамлакатимиз ривожланишининг бешта устувор ҳаракатлар стратегиясидан бири аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган. Мана шунинг ўзиёқ олиб борилаётган сиёсатнинг нақадар оқилона эканлигини исботлайди. Амалиётга жорий этилаётган улуғвор вазифалар мазмунида юртимизда ҳар бир фуқаро эъзоз ва эътиборда эканлиги исботланмоқда. Юртбошимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси бўйича, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тузилган ишчи гуруҳ вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман-шаҳар бўлимлари тақдим этган рўйҳат асосида кам таъминланган хонадонларга кириб, мулоқот олиб бориб, уларнинг яшаш шароитлари, муаммолари ўрганилди. Натижасида эҳтиёжманд оилаларга уй-жой ажратиш, уй-жойни таъмирлаш, маиший техника ажратиш, тиббий хизматга эҳтиёжи ва кредит олишга хоҳиши бўлган оилалар рўйхати шакллантирилди. Белгиланган чора – тадбирларга асосан вилоятимизда 110 та оилага уй-жойини таъмирлаш, 66 та оилага тиббий хизмат кўрсатиш бўйича маблағлар ажратилди. Шу кунга қадар тиббий хизматга муҳтож бўлган 10 нафар фуқарога саломатликларини тиклаш учун зарур бўлган тиббий хизмат ва дори дармон маҳсулотлари маблағлари тўлаб берилди.
Тадбирлар асосида бир гуруҳ вилоят аҳолиси бахтиёрлик топди. Улар орасида ҳаётнинг оғир синовига учраган, умидларини рўзғор ташвишлари кўмиб бораёзган Боёвут тумани Ҳосилобод маҳалласида яшовчи Шерали Собиров ҳам бор. 5 ёшида бахтсиз ҳодиса сабаб чап кўз гавҳарига шиша бўлагидан зарар етади. Биламизки, инсон учун тўрт муча соғлиги нақадар аҳамиятли, бунинг учун инсон ҳамма нарсага тайёр. Бироқ, муаммолар сабаб инсон ўзини ана шундай орзудан ҳам маҳрум қилар экан. Оиласи, икки нафар фарзанди таъминотидан орттириб бугунгача кўзларидаги зиёни равшан қила олмади. Хонадонига ҳол-аҳвол сўраб, кўз жарроҳлиги ўтказиш учун кўмак беришларини айтишганида эътибордан, меҳрдан ўзини бахтли ҳис қилди. Пойтахтдаги “Astigmati Servis” хусусий корхонаси жарроҳлик амалиёти натижасида Шералининг чап кўзига сунъий гавҳар қўйилди, бундан қалб гавҳари ҳам равшан бўлди.
Вилоят кардиология шифохонаси, вилоят тиббиёт бирлашмаси бўлимларида ҳам бир қатор эҳтиёжманд ҳамюртларимиз ўз саломатликларини тиклаяптилар.
Гулистон туманилик Шарофат опа Орипова ҳамда Сардоба туманилик Надежда Богдановалар ҳозирда вилоят кардиология шифохонасида зарурий муолажалар қабул қилишмоқда.
– Доимий юрак хасталиги билан оғриб келаман. Шифокор Дилором опа Усмонқулова “юрагингизга дармон бор, албатта”, деб руҳлантирдилар, – дейди Шарофат опа. – Баъзан кичик бир оила ташвишлари одамни чарчатиб юборади. Бутун мамлакатни бошқариш, уни ўрганиш даражасини англайверинг. Муҳтарам юртбошимизга минг раҳмат, ҳар бир хонадон ташвишлари, саломатлиги ҳақида қайғуриб беминнат ёрдамларини бермоқдалар. Бу ерда вилоятимиз туманларидан келган, менинг каби давлатимиз ғамхўрлигини ҳис қилган бошқа беморлар ҳам бор, барчамиз бир хил дуодамиз.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби” тўғрисидаги қарори ижроси бўйича вилоятда кредит олишга эҳтиёжи бўлган 486 та оила рўйхати шакиллантилган ва айни вақтда имтиёзли йиллик 4 фоизли кредитлар тижорат банклари томонидан 306 та оилага 1 393 000 000 сўм миқдоридаги кредит суммаси ажратилиб эгаларига топширилди. Кредит бериш бўйича ҳужжатлар расмийлаштириш ишлари давом этмоқда.
– Тақдир экан, турмуш ўртоғим вафот этган, 4 нафар фарзандларимнинг 2 нафари гуруҳ ногирони. Рўзғоримизни аранг тебратамиз. Ишлай десам, фарзандларимни қаровсиз қолдиролмайман, кўмагимсиз уларга қийин. Маҳалладанмиз, касаба уюшмалариданмиз деб эшигимизни қоқган инсонлар сабаб оиламиз фаровонлиги учун янги қадам ташлашга муяссар бўлдим,- дейди Ховос туманилик Санахон Раҳмонова. – Имтиёзли кредит эвазига чорва моллар боқишни ташкил қилдим. Қулайлиги уйда, фарзандларим олдида бўлиб молиявий аҳволимизни ўнглаш имконияти пайдо бўлди.
Инсонга хурсандчилик улашиш, оғирини енгил қилиш – савоб юмуш. Ҳаётнинг синовларини бошдан кечирган аҳоли қатламига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик кўнгиллар ободлигига сабаб бўлмоқда.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири