Click to listen highlighted text!

ЎЗ ҲИССАМИЗНИ ҚЎШАМИЗ

Мен «Ўзбекистон почтаси» АЖ Сирдарё филиалида 5 йилдан буён бошланғич касаба уюшма қўмитасини бошқариб келмоқдаман. Шу давр ичида  меҳнат жамоамизда  қатор янгиланишлар, иш шароитларида ижобий томонга ўзгаришлар кузатилди. Почта тармоғи орқали аҳолига хизмат кўрсатиш турлари кўпайди, хизмат сифати яхшиланди. Шуни алоҳида айтиш жоизки, меҳнат жамоамизда хотин-қизлар 70 фоизни ташкил этади. Шу боисдан ҳам мен, Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини тинглар эканман, қалбим ҳаяжонга тўлди.

Юртбошимизнинг таклифлари билан мамлакатимизда 2016 йилга «Соғлом она ва бола йили» деб ном берилиши  ижтимоий-иқтисодий соҳада    катта ўзгаришлар ҳамда янгиланишлар бўлишидан дарак беради. Юртимизда соғлом авлоднинг ҳар томонлама баркамол этиб вояга етиши учун кенг имкониятлар яратилади.   Мен бошланғич касаба уюшма ташкилоти раҳбари, оила бошлиғи, икки нафар фарзанднинг отаси бўлганим учун ҳам бу янгиликдан беҳад хурсанд бўлдим.  Демак, аёлларимиз ва фарзандларимиз саломатлиги давлат эътиборида. Оналар ва болаларга кўрсатиладиган ғамхўрликлар ва тиббий хизматларнинг янги поғонага кўтарилиши   оила ўчоғи -оналар ва болаларнинг саломатлиги учун алоҳида замин ҳозирлайди. Бу эса, нафақат авлодлар баркамоллиги, балки юртимиз келажагининг фаровонлигини таъминлайди.

Бизнинг касаба уюшма қўмитамиз ҳам «Соғлом она ва бола йили» дастури бандларининг юксак савияда амалга оширилишида ўз ҳиссасини қўшади, деб ваъда бераман. Бу борада  республика ва вилоят йил дастурларига асосланган ҳолда ўз чора-тадбирларимизни тузамиз ва изчил амалга оширамиз.

Ўктам Умрзоқов, «Ўзбекистон почтаси»АЖ Сирдарё филиали БКУҚ раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!