Click to listen highlighted text!

МИРЗАОБОДНИНГ ШАҲАРЛИК ШИФОКОРИ

          Байрамлар доимо менга ёққан. Ҳар гал шодиёналарда бошқача қувониб, хуш кайфиятда юраман. Бу хушнудликни атрофимдагиларга ҳам юқтиргим келади. Азиз байрамимиз Мустақиллик куни қувончлари ҳам анча кун аввал бошланган эди. Кутилмаганда вилоят ҳокимлигидан қўнғироқ бўлиб, эртага қабулга келишимни айтишди. Бориб билдимки, мукофотланганман, барчанинг қутловини олдим. Ушбу таассуротлар Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан “Дўстлик” ордени билан мукофотланган Дилором Қурбоновага тегишли.

          У билан суҳбатлашган киши борки, мулойимлик, билимлилик, қувноқлик каби ҳислатларни кўради. Вилоят маркази, Гулистон шаҳрида туғилиб вояга етган Дилором 37 йилки, Мирзаобод туманига қарашли “Оқолтин” қишлоқ врачлик пункти мудири бўлиб меҳнат қилмоқда.

         Ҳаммаси ёш қизалоқлик даврида, раҳматли дадаси ёнида бўлиб, унинг иш фаолиятини кузата бошлаганида бошланган эди. Отаси вилоят кўптармоқли тиббиёт маркази шифокор нервпатологи бўлиб, хизмат чақирувлари сабаб олис ҳудудларга, баъзан машинада, баъзан вертолётда сафарга чиқишар эди. Ўша кезлар жажжи нигоҳлари билан отасининг касаллик ташхисларини таҳлил қилиши, уларга шифо айтганида бемор чеҳрасидаги ҳотиржамликни кўриб, кўнглида шифокор бўлиш орзуси пайдо бўлди.

           1983 йилда Тошкент тиббиёт институтини тамомлагач, Мирзаобод туман марказий поликлиникасига акушер гинеколог йўлланмасини олди. Қарангки, мана ўтган 37 йилдирки, бир жойда ишлаб келмоқда. Одатда чекка ҳудудларда шифокор етишмаслиги, кўпчилик малакали шифокорлар марказ ҳудудларга кетиб қолаётгани ҳақида эшитиб қоламиз. Қаҳрамонимиз бўлса, 2001 йилда мамлакат тадбирида ғолиб бўлиб, Эстония давлатида малака ошириб келгач ўзи ишлаётган туманнинг яна ҳам чекка ҳудуди “Оқолтин“ қишлоқ врачлик пунктига бориб ишлашни маъқул кўрди. Шифокорнинг ўзи бу ҳақида: “Ҳар куни шаҳардан туманга қатнаб ишлайман. Бу ернинг инсонлари кўнглимга яқин бўлиб қолган. Минг шукурки, уларда ҳам шундай муносабатни кўраман. Киши илиқлик бўлган, эъзоз топилган жойдан ҳеч қачон кетишни ўйламайди деб ўйлайман”, – дейди.

          Ҳа, чиндан ҳам қишлоқ аҳли опага қаттиқ меҳр қўйган. Ахир шунча йиллар давомида қанчадан қанча чақалоқларга шу ернинг ўзида зарурий ёрдам кўрсатилиб, доялик қилган. Улғайиб катта бўлган фарзандлар ҳам меҳр билан “энам” деб чақиради. Опа ҳам уларни фарзандим дейди. Билганлар Дилором опанинг  3 ўғил фарзанд ва 3 набираси бор деб ўйлайди. Билмаганлар “энам”, “ўғлим”, “қизим” деб сўзлашишларидан шифокор опани серфарзанд деб ўйлайди. Бу фарзандларнинг кўпчилиги чин ҳавас ортидан шифокор бўлишни мақсад қилишган. “Энам” дейдиган йигитчалардан бири Азизбек тиббиёт коллежини тамомлаб, опанинг қўлида амалиёт ўтади, даволаш сирларини ўрганди. Бу йил Тошкент тиббиёт академияси талабаси бўлди. Қайтиб келгач бирга ишлаш орзусида. Опанинг чет элда шифокорлик таҳсилини олаётган фарзандлари ҳам бор. Улардан бири Сирожиддин бир йил давомида қўл остида иш ўрганди. Ҳозир Россия давлати тиббиёт институт  талабаси.

             – 2013 йилда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан “Энг яхши умумий амалиёт шифокори”  I даражали дипломи билан тақдирланганман. Шундан сўнг, ўтган йили соҳа вазирлигининг фахрий ёрлиғига муносиб кўрилганман, – дейди Дилором Қурбонова. – Ушбу Давлат мукофот биринчиси бўлди.

           Тилагимиз, мукофотларингиз давомли бўлсин. Зеро сизнинг барча хизматларингиз бунга арзийди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,

«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!