ҚУДРАТИМИЗ – БИРЛИКДА, БИЗ ҒАЛАБА ҚОЗОНАМИЗ!
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг барча ватандошлар, меҳнаткашлар, фахрийлар, аёллар ва ёшларга
МУРОЖААТИ
Бугун дунёда кезиб юрган таҳликали шарпа – коронавирус инфекцияси кўринмас қўли билан инсонларнинг ширин жонига чанг солиш ҳаракатида бўлмоқда. Унинг яна бир даҳшатли и¬зи жаҳон иқтисодиётини таназзулга етакламоқда. Халқлар фаровонлиги ва дунё иқтисодиёти тараққиётига зарба бермоқда. Кун-у тун шовқинга тўлган шаҳарлар бирин-кетин жимгина бўшаб қолмоқда… Бу машъум пандемиянинг дунё ва биз кўраётган ҳозирги манзаралари… Ҳали келажакда яна нималар рўй беришини эса ҳеч ким билмайди… Аммо халқимизнинг қалбида бир ишонч борки, бу синовлардан талафотсиз ўтиш умиди – Аллоҳнинг марҳамати, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати, миллат бирдамлигига ишончдир.
Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемия¬сининг олдини олиш ва унга қарши кураш бў¬йича стратегик режани ўз вақтида ва жуда қисқа фурсатда қабул қилди. Мамлакатда минтақалар хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда эпидемияга қарши курашишнинг самарали тизими яратилди. Умумий мақсад аниқланди – қатъият билан касаллик тарқалишининг олдини олиш. Бунинг кучи шундаки, бутун мамлакат ушбу пандемияга қарши курашда ягона режага амал қилиши зарур. Ушбу йўналишдаги асосий жиҳатлар инфекция манбасини назорат қилиш ва унинг тарқалиш йўлларини ёпишдир.
Миллат лидери профилактика ва назоратнинг асосий талабларини аниқ белгилаб берди: эрта аниқлаш, эрта маълумот бериш, эрта карантин ва эрта даволаш, беморлар, мутахассислар ва имкониятларни керакли жойларда жамлаш. Aсосий вазифа даволанишга қабул қилинган ва даволаниб бўлган беморлар сонини ошириш, шунингдек, касалликни юқтириш кўрсаткичини камайтириш бўлди.
Одамлар ҳаракатини қатъий ва ҳар томонлама назорат қилиш ва бошқариш жуда муҳим аҳамиятга эга. Бундай стратегик ечимни ишлаб чиқиш учун Шавкат Мирзиёевнинг улкан сиёсий жасорати керак эди. Aгар ёрдам қўлини чўзиш керак бўлса, албатта, қўл чўзилиши керак, чунки иккиланиш одамларда тартибсизлик ва ваҳима уйғотиши мумкин.
Биз ишонамизки, Ўзбекистон халқи ўз давлатининг қудрати ва руҳини, улкан масъулият ва онглиликни намоён этмоқда, бу халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Нафақат ўзбек халқининг, балки бутун Марказий Осиё минтақаси аҳолисининг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда.
Вирус тарқалишининг олдини олиш учун мамлакатдаги энг йирик жамоатчилик ташкилотининг 5 миллионлик армияси ва маҳаллаларнинг ҳар бир аъзоси карантин нима учун зарурлигини англаб етиши керак. Бугун бизнинг асосий вазифамиз уйда қолиш эканини ҳеч ким ёдидан чиқармаслиги лозим.
Бу вирус ҳеч кимни – на бойни, на камбағални, ҳеч бир мамлакатни аяб ўтирмайди. Оиламиз ва дўстларимизни асраб қолиш учун уйда қолишимиз кераклигини тушунмаслик ва бу талабларни эътиборсиз қолдириш ХИЁНАТдир.
Давлатимиз раҳбари бизни имкон қадар ҳушёрликни йўқотишдан эҳтиёт бўлишга ундайди, биз тасодифга ишонмаслигимиз ва ҳаракатларимизни сусайтирмаслигимиз керак. Aкс ҳолда, бу эришилган барча натижаларни йўқ қилиш даражасидаги оғир оқибатларга олиб келади. Давлат идоралари, барча даражадаги раҳбарлар, касаба уюшма ташкилотлари, мамлакатнинг барча ватанпарвар фуқаролари пандемиянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ишларни давом эттириш учун тишни тишга қўйиб, қўлларни мушт қилиб, ғалабага бўлган ишончларини кучайтиришлари талаб этилади.
Президентимиз тиббиёт ходимлари бу пандемияни енгишда асосий куч эканини алоҳида таъкидламоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун хорижлик мутахассисларнинг имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига пандемияга қарши курашда жанговар руҳни сақлаб қолиш¬лари, инсонлар ҳаётини ҳимоя қилиш, шаҳд ва шиддати, кучли иродасини намоён этишлари учун руҳий мадад ва доимий ғамхўрлик кўрсатилиши лозим.
Иқтисодиёт ва жамият – бу узоқ вақт бир жойда тўхтаб қолиши мумкин бўлмаган ягона тизим. Президент таъкидлаганидек, коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олишни кафолатлаш билан бир қаторда, ишлаб чиқаришни қайта тиклаш, одамлар ҳаёти хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш мақсадларига эришиш зарур.
Aзиз ватандошлар!
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация¬¬си барча ватандошлар, ишчи-хизматчилар, фахрийлар, аёллар ва ёшларни халқимиз томонидан якдиллик билан сайланган муҳтарам Миллатимиз Сардори Шавкат Мирзиёевнинг даъватлари йўлида бирлашишга ва бошимизга тушган жиддий синовни тезроқ енгиб ўтиш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга чақиради:
– Бугун Ватанимизнинг ҳар бир фарзанди коронавирусга қарши курашиш ва унинг ҳаё-тимизга салбий таъсирини камайтириш учун шахсий жавобгарлигини ҳис қилиши зарур;
– Ишлаб чиқариш корхоналари, фирма ва компаниялар ишчилари, мард ва танти фермерларимиз, ижтимоий соҳа вакиллари ўз фаолиятини иқтисодиётимиз барқарорлиги – Ўзбекистонимиз фаровонлигининг асосини таъминлаш учун бир неча баробар ошириши керак;
– Шифокорларимиз, ҳамшираларимиз, санитарларимиз, қўйингки, барча тиббиёт ходимлари бугун фидойилик, жонфидо қаҳрамонлик кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар. Барчамиз уларнинг талаб ва тавсияларига қатъий риоя қилишимиз ва сўзсиз итоат этишимиз шарт;
– Биз азиз фахрийларимизни, кекса юртдош¬ларимизни донолик ва босиқликка, карантин бекор қилинмагунча уйларидан чиқмасликка, ёш авлодга интизом намунасини кўрсатишга ва шифокорлар тавсияларига амал қилишга чақирамиз!
– Биз аёлларимиз, оналаримиз ва опа-сингилларимизни – оила ўчоғининг чинакам фаришталарини бирон бир уйга, бирон бир оилага бало келмаслиги учун барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга ундаймиз!
– Биз келажак авлод – ўғил ва қизларимизни эҳтиёткорлик ва вазминликни унутмаслик, вазиятдан фойдаланиб, билимларини ошириши, давлатимиз саъй-ҳаракати билан тайёрланаётган телевизион дарслар ва ўқув дастурларини қолдирмай кўришга чақирамиз!
– Ишончимиз комилки, мамлакат фуқароларининг тинчлиги ва хавфсизлигини кун-у тун ҳимоя қилаётган фидойи ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бундан кейин ҳам ўз вазифаларини сидқидилдан бажарадилар. Биз уларга Ўзбекистоннинг барча минтақаларида барқарорлик ва тартибни сақлашга қаратилган карантин тадбирларини сўзсиз амалга оширишда ҳар томонлама кўмак беришимиз лозим.
– Ушбу оғир даврда ўзининг ғайриижтимоий ҳаракатлари билан мамлакатимиздаги вазиятни издан чиқаришга уринаётган айрим фитначиларнинг турли миш-миш, фараз-у тахминларининг олдини олиш учун барчамиз қатъий чоралар кўришимиз талаб этилади.
– Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Президентимиз атрофида бирлашсак, шак-шубҳасиз, барча қийинчиликларни енгиб ўтамиз!
– Янги Ўзбекистон ҳаётининг бош тамойилини ҳеч қачон унутманг: «…Ҳеч бир одам, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигисиз қолмайди!»
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Кенгашининг пленумида қабул қилинган.
2020 йил 4 апрель