БАХТИЁРЛАР ДАВРАСИДА
Сўлим, гулу дарахтларга бурканган ҳовлида мусиқа садолари барчани бир жойга жамлади. Қўлларида юрт байроғини ҳилпиратган ишчи-ходимлар Ўзбекистон давлат филармонияси Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси санъаткорлари ижро этаётган қўшиққа беихтиёр жўр бўлдилар. Ҳамма шод, ҳамманинг кўзида бахтиёрлик туйғуси. Сирдарё туманидаги “ Мега Люкс” корхонасида 2 мингга яқин ишчилар 3 навбатда меҳнат қиладилар. Бу улкан корхонада уларнинг самарали меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Касаба уюшмаси аъзолари ўз вақтида иш ҳақларини оладилар,муносиб меҳнат шароитлари яратилган, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ҳамда дам олдириш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси вилоят бўлими айнан шу ишлаб чиқариш корхонасида байрам тадбири уюштирди.
“Мега люкс” МЧЖ бош директори ўринбосари Нодирбек Бўронов бу корхона 2012 йили 50 нафар ишчи-ходим билан иш бошлагани, бора-бора ишлаб чиқариш ҳажми ҳам, ҳудуд ҳам кенгайтирилиб, бугунги кунда маҳсулот четга экспорт қилинаётганини айтиб ўтди.
Байрамлар совғалар билан янада шукуҳли.Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўлими бошлиғи М.Адилов, Республика Кенгашининг ташкилий ишлар бўлими мудири С.Сайфуллаев, Сирдарё вилояти кенгаши раиси Р.Турсунмуродовлар меҳнат жамоаси учун қатор сиҳатгоҳларга йўлланмаларни топширганларида йиғилганлар қувончига қувонч қўшилди. Хоразм, Самарқанд ва Тошкент вилоятларига бепул саёҳатлар уюштириш ҳақидаги хушхабар эса ишчи-ходимларнинг олқишларига сазовор бўлди.
Унумли меҳнат қилиб, кўнгилли ҳордиқ чиқаришни ҳам биладиган ғайрат, шижоатли жамоада байрам шукуҳи узоқ давом этди.
Баҳор Холбекова