САЁҲАТ- ТАНГА РОҲАТ, ЗИЁРАТ РУҲГА ҚУВВАТ БЕРАДИ
Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан дам олиш кунлари бир гуруҳ сирдарёлик касаба фахрийлари, фаолларининг Қозоғистоннинг Буюк ипак йўлида жойлашган Туркистон шаҳрига саёҳати уюштирилди.
-Юмшоқ ўринли автоулов, меҳмонхонадаги иззат-икромлар, авлиё зотлар зиёрати, маъданий-маърифий тадбирлар- ҳаммаси аъло,-дейди касаба фахрийси Камоллиддин Оқбўтаев,- “Карвонсарой” сайёҳлик мажмуаси ҳар бир меҳмоннинг хотирасида узоқ қолиши табиий. Халқаро стандартларга жавоб бера оладиган меҳмонхона бизга жуда ёқди.
Саёҳатчилар тасаввуф олими Хўжа Аҳмад Яссавий зиёратида бўлдилар. У зотнинг қабри устига масжит қуриш тарихи билан танишдилар. У билан боғлиқ ҳикояларни тингладилар. Сўнгра Укуш ота зиёратгоҳи, ундан сўнг эса Туркистон шаҳрининг Ўтрар туманида жойлашган Арслонбоб бобо мақбарасини бориб кўрдилар. Дуолар қилишгач, йўлбошчи соҳибқирон Амир Темурнинг буйруғи билан мақбара қандай қурилгани, Арслонбоб бобо Хўжа Аҳмад Яссавийнинг маънавий устози бўлганликларини ҳикоя қилиб берди.
-Ҳам маънавий, ҳам руҳий озуқа олдик, тетиклашдик,- дейди касаба фахрийларидан яна бири Абдурашид Рустамов,- асрлар давомида қозоқ хонлиги ва турк дунёси сиёсий-маънавий ҳаётининг юраги бўлган Туркистон шаҳри бағрида не буюк зотлар қўним топган. Уларни зиёрат қилиш, тарихий масканларни ўз кўзинг билан кўриш имкониятини яратиб берган ЎКУФ Сирдарё вилоят Кенгашига ҳаммамизнинг номимиздан миннатдорчилик билдираман.