БИР ОЙДА 433 КИШИ САЁҲАТДА БЎЛДИ
Самарқанд, Тошкент шаҳарлари ва гўзал Зомин таасуротлари сайёҳлар хотирасида узоқ сақланиши шубҳасиз. Қулай автоуловлар, замонавий меҳмонхоналардаги шароитлар, кўнгил-кўнгилга тўғри келадиган ҳамроҳлар билан кечган бой саргузаштларни унутиб бўладими? Саёҳат танга роҳат, тан эмас жонга роҳат. Буни юрт кезганлар яхши билишади.
-Зиёрат руҳиятни енгиллаштиради, одам ўзини тетик, қувватли сезади, дейишарди. Бор гап экан. Самарқанд шаҳрига қилган саёҳатимиз давомида буни ўзим ҳис қилдим,- дейди Гулистон тумани ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Икром Мамаразиков,- Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Бибихоним масжидида бўлдик. Бизга Бибихоним масжиди учун шаҳарнинг энг яхши жойи танланганини, унинг лойиҳасини машҳур усталар ва меъморлар тузишганини айтиб беришди. Соҳибқирон Амир Темур масжид қурилиши вақтида ҳарбий юришларда бўлганлиги боис қурилишга Сароймулкхоним – Бибихоним раҳбарлик қилган экан. Шунинг учун эл ичида Бибихоним масжиди, деб юритиларкан. Момоларимиз шижоатига қойил қолдик.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши ташкил этган саёҳатлардан барча мамнун. Йилнинг дастлабки ойидаёқ 433 касаба аъзолари юртимиз бўйлаб мароқли саёҳатларда бўлишди. Боёвут, Гулистон ва Мирзаобод тумани ободонлаштириш бошқармаларидан 40 нафардан ортиқ ходимлар Тошкент шаҳрида бўлдилар. Улар пойтахтимиздаги замонавий инфратузилма, маданий-маърифий масканлар ҳамда диққатга сазовор иншоотлар билан танишдилар.
-Орамизда ҳали пойтахтимизни кўрмаганлар ҳам бор экан,- дейди Боёвут туман ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Дилфуза Мамурбаева, “Вақтимиз бўлганда имкониятимиз бўлмаган” дейишди улар. Барчамиз бундай мароқли дам олиш шароитини яратиб берган касаба уюшмаларидан миннатдормиз.
Дарҳақиқат, саёҳатлардан кўзланган асосий мақсад ходимларнинг дам олишини мазмунли ташкил этиш, уларнинг тарихий-маданий меросларга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда жамоа ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Эркин Ахмедов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Сирдарё вилоят Кенгаши маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири

