ИЖОДКОР ЭХТИРОМ БИЛАН КУЗАТИЛДИ
Баҳор Холбекова бир неча йил “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталарининг Сирдарё вилояти бўйича махсус мухбири вазифасида ишлаб келди. Бундан буён бадиий ижод билан шуғулланиш истагида эканлигини маълум қилиб, газетадаги фаолиятини тўхтатишини билдирган журналистга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
30-апрель куни ЎКУФ Сирдарё вилоят кенгаши раиси Рустамбек Турсунмурадов, раис ўринбосарлари Ойбек Ашурматов ва Баходир Хамиджонов, тармоқ кенгашлари раислари, кенгаш ходимлари ва барча туман ва шаҳарлардан вакил бўлиб келган касаба уюшмаси фаоллари иштирок этган йиғилишда дастлаб вилоят кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов ижодкорнинг касаба уюшмалари фаолиятини изчил, холис ва мазмунли ёритиш борасидаги сидқидилдан қилган меҳнатлари, бадиий ижод соҳасидаги ютуқлари ҳақида гапирди.
Тадбирда “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири ўринбосари Дармон Ибрагимов ҳамда газета юрист консультанти, етакчи мутахассиси Пўлат Назаров ҳам иштирок этдилар. Таҳририят томонидан ташриф буюрган меҳмонлар журналистнинг ўткир қалами орқали халқ дардини, ҳақиқатни, ҳаёт ҳаққониятини кенг жамоатчиликка етказиб, оммавий ахборот воситалари нуфузини ошириш, журналистиканинг обрў-эътиборини юксалтиришда, касаба уюшмалари фаолиятини кенг ёритишда муносиб ҳисса қўшиб келаётганини алоҳида эътироф этдилар ваа Баҳор Холбековага газета раҳбарияти ва жамоа номидан ташаккур билдириб, қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширишди.
«Бугун Сизнинг шарафли меҳнат фаолиятингизни муносиб якунлаб, мустақил ижодга кузатарканмиз, кўп йиллик самарали меҳнатингиз учун чуқур миннатдорлик изҳор этамиз. Сиз бундан буён ҳам самарали ижод қилиб халқимиз маънавияти юксалишига ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшаверасиз” деди ЎКУФ вилоят кенгаши раиси Рустамбек Турсунмурадов ҳамда сирдарёлик касабачилар номидан ташаккурнома ва эсдалик совғаларини тақдим этди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Баҳор Холбекова кўрсатилган иззат-ҳурмат, эътибор учун барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.
