Click to listen highlighted text!

МЕҲРГА МУҲТОЖЛАРГА МЕҲР-МУРУВВАТ

Байрамлар арафасида кўнгли синиқлар ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжманд кишиларга меҳр-мурувват улашиш халқимизга хос одат.

Янги йил байрами шукуҳи кезиб юрган ушбу кунларда ҳам  вилоятимизда мурувват тадбирлари давом этмоқда. Худди шундай тадбирлардан бири вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан Янгиер шаҳри ва Ховос туманида ўтказилди. Дастлаб ҳомий ташкилотлар Янгиер шаҳар  ногирон аёллар учун  «Мурувват» интернат уйида ўтказилди.

-Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда вилоят прокуратураси бизнинг доимий ҳомийларимиздан, – дейди Мурувват интернат уйи директори Сайёра Давронова. – Ўтган «Кексаларни эъзозлаш йили»да ҳам  касаба уюшмалари томонидан интернат уйимизга қимматбаҳо совғалар, шу жумладан телевизор, 7 тоннали 2 та сув идиши ҳамда 60 нафар аёлларимизга кийим-бош ва сочиқлар совға қилинган эди. Мана бугун ҳам Янги йил совғаси сифатида  DVD ҳамда гигиеник воситалар  совға қилишди. Биз шундай қутлуғ кунларда ҳам жисмонан ва ақлан чекланган, ёрдамга муҳтож юртдошларини эсдан чиқармаган ҳомийларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Шу куни ҳомийлар Янгиер шаҳридан 6 нафар ҳамда Ховос туманидан 6 нафар кам таъминланган ва жисмонан чекланган юртдошларимизга байрам совғаларини тарқатдилар.

“Бир ночорнинг кўнглини обод қилмоқ – Маккага бориб келган билан баробардир”, дейишган донишмандлар. Меҳр-мурувватга муҳтож юртдошларимизни йўқлаб, уларнинг кўнглини кўтариш, мурувват кўргазиш ҳар биримизнинг инсоний вазифамиздир.

 

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!