Click to listen highlighted text!

ИЖОДКОРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси нашри «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари ижодий жамоаси ҳамда Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорликда Мирзаобод туманида жойлашган Н-ҳарбий қисмда «Тинчлик учун курашмоқ керак!» мавзусида ижодий учрашув ўтказилди.

Учрашувда «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари бош муҳаррири ўринбосари Зайниддин Рихсиев, газета мухбири Акмал Тошев, фотомухбир Икром Хасанов ва газетанинг вилоятдаги мухбири Озода Мамадалиевалар, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров  ва бошқалар иштирок этдилар.

Учрашувни Н-ҳарбий қисм командири,  майор Умид Искандаров олиб борди. Дастлаб сўз олган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Қ.Эшназаров ҳарбий хизматчиларни яқинлашиб келаётган 14 январь – Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топган куннинг 24 йиллиги байрами билан кўп минг сонли касаба уюшмалари аъзолари номидан қутлади, ҳамда бугунги кунда Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш – ҳар бир йигит учун шараф экани, мард ва жасур ўғлонлар сарҳадларимизни қўриқлаб тургани учун ҳам мамлакатимиз осойишта ва тинч экани, ҳар бир фуқаро ҳақли равишда Ўрта Осиё регионида энг кучли армия ҳисобланган шонли армиямиз билан ғурурланиши ҳақида гапирди. Шундан сўнг энг фаол 6 нафар зобит ва аскарларга Сирдарё вилояти касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси совғалари тақдим этилди.

Сўнгра сўз олган «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари бош муҳаррири ўринбосари Зайниддин Рихсиев, газета мухбири Акмал Тошев, фотомухбир Икром Хасанов ва газетанинг вилоятдаги мухбири Озода Мамадалиевалар ҳам ҳарбийларни касб байрамлари билан қутладилар. Айниқса, «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари бош муҳаррири ўринбосари Зайниддин Рихсиевнинг чиқишини иштирокчилар олқишлар билан кутиб олдилар. Сўзга чиққанларнинг ҳар бири Ватан ҳимоячилари  байрамининг  аҳамияти, ватанпарварлик ҳақида гапирдилар. Учрашув сўнгида  пойтахтлик ижодкорлар қаламига мансуб, ҳар сатридан ватанга муҳаббат йўғириб турган шеърлар янгради. Тадбир иштирокчиларига «Ишонч» газетасининг байрам сони ва йилномалари улашилди.

Ҳарбийлар пойтахтлик меҳмонлар ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакилларига  ташкил этилган ижодий учрашув, байрам қутловлари ҳамда совғалар учун  қизғин миннатдорчилик билдирдилар. Сўзга чиққан лейтенант Яҳё Фозилов, сержант Сирожиддин Бердиев ва оддий аскар Илҳом Мирзамуродовлар бундай тадбирлар уларни нафақат  ўз вазифаларига  янада масъулият билан ёндошишга ундашини, балки  уларга билдирилган ишончдан кучларига куч, ғайратларига ғайрат қўшилганлигини  эътироф этдилар.

 

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!