Click to listen highlighted text!

АСКАР ОНАЛАРИНИ ШАРАФЛАЙМИЗ!

Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб “Аскар оналарини шарафлаймиз!” деб номланган тадбир ўтказилди.

“Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида Сирдарё вилояти   хотин-қизлар қўмитаси,  мудофаа ишлари бошқармаси, ва бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Сурхондарё вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг оналари, ҳарбий хизматчилар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар. Тадбирни вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Ҳайдарова очди ва олиб борди. Сўзга чиққан Марказий ҳарбий округ масъул ходими, полковник Рафиқ Холбеков,  Республика «Маҳалла»хайрия фонди раиси ўринбосари Дониёр Аллаев ва бошқалар шу қисқа давр ичида профессионал даражада шакллантирилган миллий армиямиз юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашнинг муҳим омили бўлаётганини таъкидладилар.

– Муддатли ҳарбий хизматга жисмонан ва маънан соғлом, юксак интеллектуал салоҳиятли ёшлар саралаб олинмоқда, намунали хизмат қилган аскарларга олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилмоқда. Бу бўлажак аскар йигитларимизнинг армия сафларида хизмат қилишга бўлган рағбатини оширади, – деди Р.Холбеков ўз сўзида. Тадбирда ҳарбий қисмлар командирларидан намунали хизмат қилаётган аскар ўғлонларнинг ота-оналарига келган ташаккурномалар ўқиб эшиттирилди. Юзу-кўзларидан қувонч балқиб турган оналар қучоғи гулларга тўлди. Жиззах ҳарбий гарнизони оркестри солисти Жамшид Тошевнинг ватанпарварлик руҳи билан йўғрилган қўшиғидан сўнг оналар учун кутилмаган совға  ташкиллаштирилди, яъни уларнинг Термиз шаҳрида хизматда бўлган ўғлонлари даврага кириб келди. Фарзандларининг бир йил давомида кучга тўлиб, ҳақиқий мард ўғлонга айланганини кўрган оналар кўзларида севинч ёшлари қалқиди. Оталар кўкси ғурурга тўлди.

– Ватанимиз тинчлигини ҳимоя қилаётган мард аскарларимиз сафида менинг ўғлим ҳам борлигидан фахрланаман, – деди ҳаяжонланиб сўзга чиққан  Гулистон шаҳрининг Аҳиллик маҳалласида яшовчи Муборак Мелибоева. – Ватан ҳимоячилари байрами арафасида ўғлимиз Хондамир  аъло даражада хизмат қилаётгани ҳақида ташаккурнома олганимда ўзимни дунёдаги энг бахтли она, деб ҳис қилдим. Юртимизнинг тинчлиги, фарзандларимизнинг омонлиги юртбошимизнинг доно сиёсатидан деб биламан. Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин!Тадбирда Жиззах ҳарбий гарнизони оркестри ҳамда «Сирдарё наволари» халқ ансамбли хонанда ва раққосалари байрам концерт дастурини намойиш этдилар. Байрам завқидан тўлиб-тошган  ота-оналар ҳамда аскарлар, тадбир иштирокчилари даврани тўлдириб рақсга тушдилар. Тадбир узоқ давом этди.

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!