Click to listen highlighted text!

БАЙРАМ АРАФАСИДА ДИЙДОРЛАШУВ

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 24 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари байрамига бағишланган тадбирлар  давом этаётир. Байрам тадбирлари доирасида Сирдарё вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси фаоллар залида   «Менинг ўғлим-ватан ҳимоячиси» деб номланган телекўприк бўлиб ўтди.

Телекўприк Сирдарё ҳамда Фарғона вилояти ўртасида ўтказилиб, унда  Фарғона вилоятида хизмат қилаётган сирдарёлик аскарлар ва уларнинг ота-оналари, Сирдарёда хизмат қилаётган фарғоналик аскарлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этдилар.  Тадбир аввалида Сирдарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова ҳамда Фарғона вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Тўлқиной Тожиева сўзга чиқдилар ва иштирокчиларни Ватан ҳимоячилари куни билан қутладилар. Шунингдек, аскарлар ва уларнинг ота-оналари шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Ҳаётхон Ортиқбоеванинг ватанпарварлик руҳига йўғрилган шеърини мамнуният билан тингладилар. Сўнгра хизмат чоғида алоҳида фаоллик кўрсатган аскарларга Гулистон гарнизони бошлиғи А.Кенжаевнинг ташаккурномалари топширилди. Шунингдек, Фарғона вилоятида йигитлик бурчини аъло даражада ўтаётган йигитларга Фарғона вилоят ҳокимининг ташаккурномалари тақдим этилди. Айниқса, фарзандларининг ҳарбий хизматда ҳар томонлама фаоллиги учун ташаккурнома олган ота-оналарнинг қувончлари чексиз бўлди.

– Фарзандим Шерзод  Душабаев Фарғона вилоятида ҳарбий хизматда, тўғриси, уни кузатганимизда жуда ҳаяжонланган эдик. Мана бугун унинг хизматини юқори баҳолаб, ҳарбий қисм командирининг ташаккурномасини беришди, биз ўғлимизнинг эр етиб, ватан корига яраётганидан, элу юртимизнинг тинчлиги-осойишталигини қўриқлашга ўз ҳиссасини қўшаётганлигидан фахрланиб кетдик, – дейишди юзу кўзидан қувонч порлаб турган  Шерзоднинг ота-онаси.

Шунингдек, Фарғона вилоятида хизмат қилаётган Абдулазиз Хўжамқуловнинг таваллуд куни ҳам шу ернинг ўзида нишонланди. Абдулазиз ушбу кунда ота-онаси билан дийдорлашди, Фарғона вилояти ҳокимининг ташаккурномасини қабул қилди.

-Эсон-омон ҳарбий хизматни тугаллаб борсам, албатта ҳарбий билим юртига ўқишга кираман, Чирчиқ олий ҳарбий танк қўмондонлик ва муҳандислик ўқув юртига ҳужжат топширишга қарор қилдим, – деб режалари билан бўлишди Абдулазиз.

Фарғоналик эгизаклар Хасан ва Ҳусан Хўжақуловларнинг ота-онаси билан учрашуви айниқса, ўзгача бўлди. Эгизак ўғлонларининг билаклари кучга тўлиб, мард йигит бўлиб етишганини кўрган онанинг миннатдорчилик сўзлари эшитганларнинг кўнгилларини тўлқинлантириб юборди.

Тадбирда шунингдек, Зулфияхоним номидаги Давлат мукофоти совриндорлари Сарвиноз Қурбонбоева, Севара Мирзабекова ҳамда Малика Ғайбиевалар аскарлар  ҳамда уларнинг ота-оналарини байрам билан қутладилар. Ёшларга улкан имкониятлар яратилаётган юртимиз тинчлиги ва осойишталигини қўриқлаш каби муқаддас бурчларини адо этишларида  йигитларга муваффақиятлар тилашди.

Тадбир давомида Олим Хўжаев номли вилоят мусиқали драма театри хонандалари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Зебо  Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!