Click to listen highlighted text!

ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ БАЙРАМГА БАҒИШЛАНДИ

          Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими ҳамда Республика Маънавият ва тарғибот маркази вилоят бўлими ҳамкорликда вилоят ҳудудида фаолият юритадиган меҳнат жамоаларида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида юртимиз Мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар ўтказишмоқда.
Шундай тадбирлардан бири вилоят кўп тармоқли шифохонаси фаоллар залида бўлиб ўтди.
Тадбирни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъул ходими Зебо Ҳайдарова бошқариб борди. Унда иштирок этган Республика Маънавият ва тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Ғайбулла Юсупов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши Аёллар қаноти раҳбари Сабоҳат Зунунова ва “Саломатлик сандиғи” газетаси бош муҳаррири Дилфуза Жарбековалар тадбир иштирокчиларини энг улуғ ва энг азиз байрамимиз билан табриклаб, 26 йил ичида рўй берган ўзгаришлар, хусусан, тиббиёт соҳасида ислоҳотлар, айниқса, кейинги пайтда давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан соҳага берилаётган эътибор ҳақида сўзладилар. Бу йилги байрамнинг ўзгачалиги, кишилар қалбида интиқлик ва ҳаяжон, ишончга йўғрилган умидлар яшаётганлиги, ушбу азалий орзу-умидларнинг рўёби учун барчамиз бирлашишимиз, жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этишимиз кераклиги алоҳида таъкидланди. Ватанга муҳаббат мавзусидаги мақоллар айтилиб, шеърлар ўқилди. Шу аснода, тиббиёт ходимлари томонидан берилган саволларга ҳам батафсил жавоблар берилди.
Тадбир сўнгида шифохона бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Ўктам Амонқулов меҳмонларга жамоа номидан миннатдорчилик билдирди.
Бундай маърифий тадбирлар вилоятдаги ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасаларда бўлиб ўтмоқда.

ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!