Click to listen highlighted text!

САРҲИСОБ ҚИЛИНДИ

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллар залида “Кексаларни эьзозлаш йили” дастурининг бажарилиши тўғрисида  бирлашманинг 2- сонли мажлиси ўтказилди.

Тадбирга бирлашма ходимлари, тармоқларнинг вилоятдаги масъул ташкилотчилари, туман ва шаҳар Кенгашлари раислари таклиф этилдилар.

Мажлисни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси К.Акбутаев очди ва мажлис кун тартибидаги асосий масала юзасидан сўзга чиқди.

Маърузачи сўз бошида Мустақиллик йилларида Давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳеч бир мамлакатда бўлмаган ёндошув асосида инсон омилига, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди. 1997 йилдан буён амалиётга татбиқ этиб келинаётган ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурлари натижаси барчанинг эътиборини тортмоқда ва кўплаб ҳорижий мамлакатлар Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқларини эътироф этилаётганига тўхталиб ўтди.

– Шунингдек, 2015 йилнинг Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилингани ва мазкур йўналишда Давлат дастури қабул қилингани кекса авлодга эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада юксак босқичга олиб чиқди. Бу борада ВКУТБ томонидан тизимли ишлар амалга оширилди, -деди нотиқ ўз сўзида. – Жумладан, Дастурда белгиланган кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани, шунингдек пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришда касаба уюшмалари бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2015-2020 йиллар мобайнида ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш Давлат дастури тўғрисида”ги Қарори лойиҳаларига таклифлар берилди ва муҳокамаларида иштирок этилди.

Касаба уюшмаларининг “Ишонч телефон” лари орқали 55 нафар кекса ёшдаги фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Кексаларни, авваламбор, фашизм устидан қозонилган Ғалаба ва Ватанимизни қайта тиклашга муносиб ҳисса қўшган 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ёши улуғ инсонлар, биринчи навбатда ёлғиз қариялар ва ногиронларга ижтимоий ва маиший хизмат қўрсатиш, уларни фаровон ва муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилди.

9 май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан 56 нафар 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига пул мукофотлари манзилли  етказилди.

420 та корхонада 757 нафар кексаларга ижтимоий ёрдамлар озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, уй-жойни таъмирлаш, коммунал хизматларга ҳақ тўлаш ва шу кабиларга моддий кўмак  берилди.

Сирдарё туманидаги ногирон аёллар Мурувват интернат уйида тадбир ўтказилиб, уларга кийимлар ва   “Artel” телевизори олиб берилди. Янгиер шаҳри Мурувват интернат уйи ногирон аёллари учун эса маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкил этилиб, бу ерда ҳам 60  нафар аёлга   кўйлаклар ва  “Artel” телевизори ҳадя қилинди. Мустақиллик байрами арафасида эса Мурувват интернат уйларининг ҳар бирига 4 дона сув сиғими олиб берилди. Янги йил байрами тадбирлари доирасида эса Янгиер шаҳридаги хотин-қизлар Мурувват интернат уйига бир дона DVD олиб берилди.

Фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, кексалар ва ногиронларни ёрдамчи ҳамда техник    реабилитация   воситалари   билан   таъминлаш,  кексаларни хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган санаторий-соғломлаштириш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларга кўпроқ жалб этиш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилди.

Жумладан, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда давлат бюджети ҳисобидан бепул соғломлаштиришни ташкил этиш бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилиб, 50 нафар ишловчи кексалар ижтимоий суғурта бюджетининг   маблағлари ҳисобидан бепул соғломлаштирилди.

Ишлаётган ходимларнинг 163 нафар пенсионер ота-оналари касаба уюшма бюджетининг  маблағларидан имтиёзли асосда соғломлаштирилди.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармасидан олинган рўйхат асосида 30 нафар кекса ва ногиронларга ногиронлик аравачалари берилди.

15 нафар кексаларга 1,5 млн сўмлик эшитиш аппарати, глюкометр (тест полоскаси) ва танометр тақдим этилди.

Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тузилган тадбирлар режасига асосан “Энг намунали тез тиббий ёрдам станцияси”, “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг малакали шифокори”, “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг интизомли ҳайдовчиси”, “Ҳамшира – 2015” кўрик-танловларини ўтказилишида ҳамкорлик қилинди ва ғолиб ҳамда номинантларига касаба уюшмаларининг эсдалик совғалари топширилди.

Хавфли ва зарарли меҳнат шароитларида  ишлаб  имтиёзли  асосда  пенсияга чиқувчи 46 нафар ходимларнинг рўйхати шакллантирилди ва уларга касаба уюшмалари мутахассислари томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб келинди.

Мамлакатимизнинг мудофаа қобилияти, иқтисодий, маданий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамиятимизда тинчлик, тотувлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшган, соғлом ва баркамол униб-ўсаётган авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётган кекса авлод вакилларига муносиб эътибор қаратиш, оила ва жамиятда ёши улуғ инсонларнинг ўрни ва обрўсини ошириш, болалар ва ёшларни ота-оналарни, ҳар бир нуронийни чуқур ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш туйғуси руҳида тарбиялаш бўйича ҳам тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, жамоа шартномалари орқали 328 та корхонада 446 нафар пенсия ёшидаги ва пенсияга чиқиш арафасидаги шахсларга, 808 та корхонада 1470 нафар ишламайдиган пенсионерларга (корхоналарнинг собиқ ходимлари) юбилей саналари ҳамда пенсияга чиқишлари муносабати билан қимматбаҳо совғалар  ва моддий ёрдам берилди.

Барча ҳудудлардаги меҳнат жамоаларида ёш авлоднинг маънавий ва аҳлоқий тарбиясига кўмаклашиш, уларда миллий ғурур ва ўзини англаш ҳиссини шакллантириш мақсадида уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида “Сиз доим эъзоздасиз”, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Кексаларни ардоқлаган юрт”, “Фахрийлар – фахримиз”,  “Касбим – фахрим” мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди.

Таьлим ва соғлиқни сақлаш тизимига қарашли муассасаларда “Фахрийлар кенгаши” фаолияти йўлга қўйилди. Меҳнат жамоаларида Кенгаш аъзолари билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг бой тажрибаларидан фойдаланиб келинди.

Кексаларга ҳар томонлама эътибор қаратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш ва ошириш, кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан   янги   босқичга   кўтариш,   жисмоний   тарбия   ва   спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш мақсадида касаба уюшмалари ташкилотлари  томонидан  байрамлар муносабати билан Боёвут туманида 75 нафар кекса отахон ва онахонларнинг, вилоят драма театрида 219 нафар отахон ва онахонларнинг ўзбек миллий драма театридан Ёқуб Ахмедов ва Тўтихоним Юсуповалар бошчилигидаги бир гуруҳ актёрлар билан учрашувларига ташрифлари уюштирилиб, улар учун қатағон қурбонларини эслатувчи спектакл томошаси намойиш этилди. Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан 200 нафар кексалар учун вилоят драма театрида Симфоник оркестр куйларидан иборат концерт ташкил этилди. 530 нафар нуроний отахон ва онахонларнинг вилоят драма театрида «Тафаккур» номли спектакл томошасига ташрифи ташкиллаштирилди.

Меҳнат жамоаларида фахрийлар ўртасида спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси, бадминтон турлари бўйича мусобақалар ҳамда Хотира турнирлари ўтказилиб, ғолиблар касаба уюшмаларининг совғалари билан тақдирланишди.

Маҳаллалар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий тузилмасида кексалар ва ногиронларга доимий эътибор қаратадиган секторни мустаҳкамлаш, бунда уларга хизмат кўрсатадиган идора ва хизматлар, биринчи навбатда, пенсия, ижтимоий ва тиббий таъминот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишни назарда тутиш ишларида ҳам ҳамкорлик қилинди.

Хусусан, маҳаллаларда ўтказилган “Кексалар дуосини олайлик” акциясида касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, акция доирасида ёлғиз ва ижтимоий ёрдамга муҳтож кексалар яшаётган, эҳтиёжманд оилалардан 190 нафарига  электр маиший техника товарлари бепул берилди.

Касаба уюшмаларининг “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” акцияси доирасида 50 нафар отахонларнинг Самарқанд шаҳрига, 34 нафар отахонларнинг Тошкент шаҳрига ва 32 нафар меҳнат фахрийлари ва ходимларнинг Урганч-Хива шаҳарларига, яна 50 нафар кексалар учун Тошкентнинг тарихий обидалари ва диққатга сазовор жойларига, Мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотларига зиёратлари уюштирилди.   «Касаба-сайр» шўъба корхонаси билан ҳамкорликда тармоқларнинг туман-шаҳар кенгашларидан 50 нафар ишчи-хизматчиларнинг Урганч-Хива йўналиши бўйлаб саёхатлари ташкил этилди.

“Кексаларни эъзозлаш йили”да амалга оширилган ишлар “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталарида, “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон”, “Улуғларимиз дуоси – эл муддаоси”, “Эътироф”, “Эъзоз”, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Меҳрдан яралган дунё” рукнларида 80 дан ортиқ мақолалар чоп этилди. Республика оммавий ахборот воситаларида, касаба уюшмаларининг “Веб-сайт” ларида мунтазам ёритиб борилди.

Маърузадан сўнг мунозара учун сўзга чиққан Ховос туманидаги «Гулбаҳор» қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи касаба уюшма қўмитаси раиси Аваз Худойбердиев, таълим, фан ва маданият ходимлари Гулистон шаҳар кенгаши раиси Фарҳод Таштанов  ва бошқалар ҳисоботни маъқулладилар ва ўзлари бошқараётган меҳнат жамоаларида бу борада олиб борилган ишлар кўлами билан ўртоқлашдилар.

Касаба уюшмаларининг “Кексаларни эьзозлаш йили” дастури  доирасида амалга оширган тадбирларидан келиб чиқиб, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашма Кенгаши Мажлиси қарорлар қабул қилди.

 

Ташкилий  ишлар  бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!