ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРАТИЛАДИ
«Гулистон мебель» масъулияти чекланган корхонаси Гулистон шаҳрида иш бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Бугунги кунда ушбу мебелчилик корхонаси вилоят марказидаги энг яхши мебел ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири. Ёш тадбиркор Жаҳонгир Мамажонов мебелчилик билан шуғулланишни бошлаганида тузукроқ асбоб-ускуналари ҳам йўқ эди, уста ва шогирдлари Қўқон шаҳридан келтирилган қўлбола дастгоҳларда мебел ясашар эди. Мебелнинг тури ҳам 3-4 тадан ошмасди, асосан, сандиқ, стол, хонтахта, оддийгина кийим жавони-ю кичик тумбочкалар ясашар эди, холос.
Жаҳонгир Мамажонов билан танишганимизда, у АТБ «Туронбанк»дан кредит олиб, ҳовлисидан кичикроқ бир цех қуриш ва замонавий асбоб-ускуналар истагида эканини билдирган эди. Кейинроқ, уста ўз мақсадига эришди ҳам. 40 млн сўм кредит ҳисобидан қурилган цехда 10 нафарга яқин гулистонлик ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлдилар. Жаҳонгир кейинчалик кредит эвазига шундоққина уйининг рўпарасидан қурилган Сайхун буюм бозоридан дўкон ҳам харид қилди. Энди «Гулистон мебель» ўз фирма дўконига эга бўлди.
– Биз бизнес-ҳамкоримиз – «Гули Раъно нур жилоси» МЧЖ раҳбари Раъно Нишонова билан доимий изланишдамиз, – дейди Ж.Мамажонов. – Мебел оламида янгиликлар билан қизиқамиз, чет эл мебеллари ҳақида журналларни ўрганамиз, шунингдек, Тошкент ҳамда Фарғона вилоятидаги мебелчилик корхоналарида ҳам бўлиб, янгиликларни ўрганиб қайтамиз.
Ўтган 2015 йилда «Гулистон мебель» масъулияти чекланган жамияти яна бир бинога эга бўлди. Мирзаобод туманидаги «Ойдин» маҳалласида бўш ётган эски клубнинг биносини икки йилда 160 млн сўм инвестиция киритиш шарти билан олиб, тўлиқ реконструкциядан чиқарилди. Бу ерда ҳам 8 нафар ёш йигитлар иш билан таъминландилар.
Ҳозирги кунда бу ерда асосан, мебелларнинг олди қисмлари тайёрланяпти, яқин ойларда иш ҳажмини ошириб, мебел турларини кўпайтиришни ният қилишган мебел усталари.
«Гулистон мебель» масъулияти чекланган корхонаси Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо хизмати касаба уюшмасига аъзо бўлишганида корхонада раҳбари билан бирга 5 нафаргина ходим ишлар эди. Ҳозирда ишчилар сони уч баробарга ортди. Устанинг орзуси рўёбга чиқиб, замонавий дастгоҳлар келтириб олса, ишчилар сони янада кўпаяди. Шу билан бирга Жаҳонгирнинг ниятларидан бири – коллеж талабалари учун амалиётни ҳам ташкил этиш. Устанинг фикрича, қанча ҳунарманд кўпайса, шунча сифатга бўлган талаб ортади.
Зебо Ҳайдарова