ОГОҲЛИК – ДАВР ТАЛАБИ
Яқинда Гулистон Давлат университетида шу мавзуда маънавият соати ўтказилди.
Тадбирни Гулистон Давлат университети маънавий-маърифий ишлар бўлими бошлиғи Шермуҳаммад Абдурасулов бошқариб борди.
Тадбирда сўзга чиққан Гулистон гарнизонига қарашли Н-ҳарбий қисм командири ўринбосари Бахрулло Тўраев ўз сўзида бугунги кунда юртимиздаги ўзгариш ва янгиланиш жарёнларининг узвий ва давомли эканини, бугунги шиддатли даврнинг ўзи олдимизга қўяётган ўта долзарб ва мураккаб вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, маънавий бойликни асраш, маънавиятни юксалтиришга доимий интилмасдан туриб эзгу мақсадларимизга эришолмаслигимизни таъкидлади.
Шу сабабли, мамлакатимизда миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини юксалтириш, бу борада ўтказилаётган тадбирлар таъсирчанлигини янада ошириш, ғоявий ва мафкуравий таҳдидларга қарши тарғибот ишларини тизимли асосда олиб бориш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ўзгаришларга дахлдорлик туйғусини кучайтириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда, деди маърузачи ўз сўзида. Бу борада ёшларимиз ўзларининг зеҳнли ва зукко, ҳушёр эканликларини яна бир бор намоён этишлари, юртимиз сарҳадлари тинчлигига ўз ҳиссаларини қўшишлари мақсадга мувофиқдир. Сўзга чиққан Н-ҳарбий қисм кадрлар бўлими ходими Тўлқин Худойбердиев малакали ва соғлом, баркамол ёшларнинг ҳарбий хизматга жалб этилиши борасида тушган саволларга жавоб берди.
Шундан сўнг сўзга чиққан З.Ҳайдарова кейинги йилларда айрим ёшлар томонидан «Авлиё Валентин» ёки «Севишганлар куни»ни нишонлаш урфга кираётгани, бу янгича урфларнинг миллий маданиятимизга нечоғлик ёд эканлиги ҳақида гапирди. Ўз миллати, тили, маданиятини ҳурмат қилмаслик ёшларни нотўғри йўлларга бошлаши, оқибатда боши берк кўчага кириб қолишлари мумкинлиги ҳақида таъкидлади.
Тадбир сўнгида Гулистон Давлат университети маънавий-маърифий ишлар бўлими бошлиғи Шермуҳаммад Абдурасулов ҳамда бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Шомурод Бектурдиевлар мазмунли суҳбат учун маърузачиларга жамоа номидан миннатдорчилик билдирдилар.