Click to listen highlighted text!

КЎНГИЛЛАРИМИЗ ТОҒДЕК ЮКСАЛДИ

Мен «Гули Раъно нур жилоси» масъулияти чекланган жамиятини ишга туширганимга беш йилдан ошди. Шу давр ичида корхонамиз ўз биносига эга бўлди. Ишчилар сони кўпайди.  Ҳозирда корхонамизнинг кичик меҳнат жамоасида бошланғич касаба уюшма ташкилоти ҳам ташкил этилди. Бу эса корхонамиз ишчиларини ҳар тарафлама ижтимоий муҳофазасини таъминлашга кўмак беради.

8 март-Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган тантанани телеэкран орқали томоша қилар эканман, юртбошимизнинг мамлакатимиз хотин-қизларига йўллаган табригини эшитиб, қувончдан кўзларимга ёш келди. Аёллари бундай эъзозланган юрт ҳеч қаерда йўқ, Ўзбекистон курраи-заминда ягона. Айниқса, Президентимизнинг  аёлларимизнинг меҳр-садоқат бобида тенгсизлигини таърифлаб,   «умр йўлларимизда қандай оғир синов ва машаққатлар дуч келмасин, уларни енгиб ўтишда руҳимизни кўтариб, кучимизга – куч, ғайратимизга – ғайрат қўшадиган инсонлар ҳам, ҳеч шубҳасиз, дунёдаги энг мўътабар зотлар, қалби дарё аёлларимиздир», деган сўзлари кўнгилларимизга ўзгача бир илиқлик олиб кирди.

«Биз ўз олдимизга қўйган олий мақсадимизга эришиш йўлида, яъни жаҳондаги энг тараққий топган, демократик ва эркин давлатлар қаторига кириш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, халқаро майдонда мамлакатимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришда, мухтасар қилиб айтганда, бугун Ўзбекистонимиз қўлга киритаётган улкан марраларда – бу қайси соҳа, қайси касб-ҳунар бўлмасин, уларнинг барчасида аёлларимизнинг муносиб, буюк ҳиссаси борлигини миннатдорлик билан таъкидлаймиз», -деган сўзлари қалбимни ғурурга тўлдирди. Кичик бизнес соҳасида фаолият юритаётган аёлларга алоҳида тўхталиб, бу борада аёлларнинг ўрнини алоҳида таъкидлаганлари ҳам юртбошимизнинг ўзи  биз аёлларнинг жамият ривожига қўшаётган ҳиссамизни юксак қадрлашларидан даракдир.

Шу билан бирга мамлакатимизда 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши, ушбу йил дастури доирасида жами 7 триллион 483 миллиард 300 миллион сўм ва 194 миллион 400 минг доллар ҳажмидаги ишларни амалга ошириш белгиланганлиги бу йил она  ва бола саломатлиги йўлида амалга оширилажак ишларнинг миқёси ва кўлами қандай улкан эканидан далолат беради.

Мен ҳам юртбошимизга аёллар тадбиркорлиги учун яратилаётган кенг имкониятлар учун миннатдорчилик билдириб, келгусида ўз бизнесимни янада кенгайтириш, қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратиш ва ёшларимизни доимий иш ўрни билан таъминлашга ўз ҳиссамни қўшаман, деб ваъда бераман.

 

Раъно Нишонова, «Гули Раъно нур жилоси» МЧЖ раҳбари,Мирзаобод тумани

 

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!