Click to listen highlighted text!

СИРДАРЁДА НАВРЎЗ ТАНТАНАЛАРИ

Кўнгилларга байрам шукуҳини улашган  Наврўзи олам муносабати билан Сирдарё вилоятида катта халқ сайли бўлиб ўтди.

Кўп асрлик миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган ушбу байрамга вилоятда алоҳида тайёргарлик кўрилди. Бу йилги баҳорни ўзгача интиқлик ва соғинч билан кутган сирдарёликлар байрам олди  тайёргарлиги  сифатида умумхалқ ҳашарлари ўтказдилар.

Ариқ ва зовурлар тозаланди, кўчатлар, гуллар экилди. Ҳар бир хонадонда, ҳар бир маҳаллада ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш юмушлари бажарилди. Кўчалар, майдонлар гуллар билан безатилди. Шаҳар марказида жойлашган боғ ва ўйингоҳ байрамона безатилди.

Наврўз асрлар давомида халқимизнинг онг ва тафаккурига бутун ҳаётига беқиёс таъсир ўтказиб келаётган ўзига хос бетакрор оламдир. Наврўз хайр-саховат рамзи ҳамдир. Бетакрор безатилган Навоий кўчаси бўйлаб сайр қилган ҳамюртларимизни ташкилот ва корхоналар ҳовлисида ёзилган тўкин дастурхонлар чорлади.  Байрамона кийинган ҳамюртларимизнинг юзларидан қувонч, бахт сурури балқиб турибди, болажонларнинг шодон овозлари байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Шу куни  Олим Хўжаев номидаги вилоят драма театри ҳовлисида вилоят ҳокимлиги, «Маҳалла» жамоат фонди томонидан вилоятимиз фахрийлари, меҳнат қаҳрамонлари  ва нуронийларга дастурхон ёзилиб, ош берилди. Вилоят ҳофизлари ижросида янграган мумтоз қўшиқлар гўзалликка мудом ошуфта  кўнгилларга ҳузур бағишлади.

-Камтарин меҳнатимизни қадрлаб, ҳар байрамда ҳурматимизни ўрнига қўйиб, бизни эъзозлаб келаётган давлатимизга, вилоят, шаҳар ҳокимликларига мингдан-минг раҳмат, — дейди меҳнат фахрийси Солия Давлатова.

Вилоят аҳолиси учун асосий байрам тантаналари “Анҳор” томошагоҳида бўлиб ўтди. Байрам нафақат янги куннинг бошланиши, балки янги орзулар, янги ютуқлар дебочаси сифатида тантана қилинди.

Ранг-баранг байрам дастурида муқаддас ватан — Ўзбекистон бағрида рўй бераётган буюк ўзгаришлар ва уларда фаол иштирок этаётган юртдошларимизнинг шижоатли меҳнати ўз аксини топди. Дилларда қувонч, эртанги кунга умид ва ишонч билан Наврўзи оламга пешвоз чиққан сирдарёликларнинг сўзларида юракларида ана шундай туйғулар устувор бўлди. Саҳна узра янграётган қўшиқлар, бадиий жамоаларнинг чиқишларида миллий қадриятларимиз, сумалак сайли, баҳор соғинчи ўз ифодасини топди. Байрам тантаналари давомида Наврўз удумлари, анъаналари, кўклам келиши билан боғлиқ одатларимиз саҳна кўринишлари орқали акс эттирилди. «Ўзбекнаво» гастрол бирлашмаси вилоят бўлими хонанда ва раққосаларининг чиқишлари пойтахтдан келган, эл суйган санъаткорлар — Оғабек Собиров, Анвар Санаев, Дилдора Ниёзова ва бошқаларнинг шўх-шодон қўшиқларига уланиб кетди. Уларнинг ижросидаги кўклам ва баҳорни улуғловчи куй-қўшиқлар, сержило рақслар байрам тадбирига ўзгача тароват ва шукуҳ бағишлади.

Аслида баҳор нафақат янгиланиш, балки мўъжизалар айёмидир. Сумалак тўла дошқозонлар, файзли дастурхон атрофида билдирилган эзгу ниятлар йил давомида юртимизга баракани бошлаб келади. Наврўз сайли Сирдарёда ана шундай таассуротлар билан бошланди, ана шундай кўтаринки кайфият билан узоқ-яқин гўшаларда  давом этмоқда.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!