УРУШ ФАХРИЙСИГА УЙНИНГ КАЛИТИ ТОПШИРИЛДИ
Сирдарёлик Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Холқўзи Тошқўзиевга Ўзбекистон Республикаси Президентининг табриги ҳамда Гулистон шаҳридаги кўп қаватли уйдан 2 хонали хонадоннинг калити тантанали равишда топширилди.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Сирдарё вилоятида ҳам вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари уруш ва меҳнат фронти фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уй-жойга эҳтиёжи борларга турар жой ажратиш, навбатсиз ҳаж сафарига юбориш, навбатсиз автомобиль олиш учун сертификтлар, пул мукофоти ва шу каби совға-саломлар тантанали равишда топширишмоқда.
Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ўтбосар Абдиев ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимизни хотирлаш, ҳозир ҳаёт бўлганларига юксак эҳтиром кўрсатиш ва уларни муносиб тақдирлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар ёш авлодни ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.
92 ёшли, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Холқўзи Тошқўзиев 1943 йилда, 18 ёшида урушга кетиб, фашизмга қарши жангларда мардлик намуналарини кўрсатган. Умумий қўшин сафида пиёда аскар сифатида жангга кириб, бир неча бор яраланди. Шарқий Прусия, ҳозирги Калининград шаҳрини озод қилиш жангида яраланди. Госпиталда даволаниб чиққач, урушда сапёр сифатида хизматини давом эттирди. Урушдан кейин ҳам ҳарбий қўшин сафида Россия Федерациясининг Калининград вилояти ҳудудида фашист босқинчиларидан қолган миналардан тозалаш ишларида фаол иштирок этди. Зарарсизлантириш операцияларидан бирида жароҳатланиб, яна госпиталга тушди. Холқўзи бобо фронтдан 1952 йилдагина она Ватанига қайтиб келди.
Урушдан сўнг колхозда меҳнат қилди. Кейин маданий оқартув техникумини битириб, то нафақа ёшига етгунга қадар кутибхоначилик қилди.
– Турмуш қурганимизга 60 йилдан ошди, – дейди Холқўзи бобонинг турмуш ўртоғи, кекса педагог Мукаррам момо Тошқўзиева. – Мамлакатимиз мустақилликка эришгачгина уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ҳукуматимиз алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатяпти. Уруш даврида, ундан кейин 50-60 йилларда ҳам жуда қийин даврларни бошимиздан кечирганмиз. Шундай дорул омон кунларга етказганига минг шукур.
Пиру бадавлат отахону онахоннинг бугун 3 ўғли, 7 қиз 80 га яқин набирю, чеваралари атрофларида гирду-капалак.
Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Президентимизнинг байрам табригини ўқиб бергач, уни уй калити ва кўплаб совға-саломлар билан бобонинг қўлига топширди. Холқўзи бобо нуронийларга, айниқса, уруш иштирокчиларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун мамлакатимиз раҳбарига, ҳукуматимизга, барча саховатли инсонларга миннатдорлик билдириб, юртимизда тинчлик-осойишталик барқарор бўлишини тилаб, дуо қилди.
– Уруш кулфатларни, адоғи йўқ шаҳидларни, мисилсиз тўкилган қонли даврни биз бошимиздан ўтказдик, ўз кўзимиз билан кўрдик, фарзандларимизга бундай аянчли кунларни кўриш асло насиб этмасин, – дейди Холқўзи бобо. – Ҳар байрамда нуронийларига кўплаб совға салому, мукофот пуллари, яшашинг учун уйнинг калитигача берадиган давлат яна қаерда бор? Мана шундай фаровон ҳаётимиз, тинч-осойишта Ватанимизни Аллоҳнинг ўзи ёмон кўзлардан асрасин. Доруломон кунларни кўриш насиб этган учун Яратганга беҳад шукрлар бўлсин. Кексаларини эъзолаган, юртининг тинчлигини, халқининг фаравонлигини ўйлаган Президентимизнинг боши ҳамиша омон бўлсин.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқди.
А.ҚАЮМОВ,
ЎзА мухбири