Click to listen highlighted text!

ҲЕЧ КИМ ҲЕЧ НАРСА УНУТИЛМАЙДИ

       9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини юқори савияда нишонлашда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларига ғамхўрлик ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини хотирлаш, уларнинг оила аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Раёсати қарори ижроси юзасидан Сирдарё вилоятида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан,   “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси доирасида мустақиллик йилларида хизмат вазифасини ўташ даврида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг қабрларини ободонлаштиришда иштирок этилди, уларнинг оилаларидан хабар олиниб,  манзилли моддий ёрдам кўрсатилди.

         –  Ўғлим Эломон ҳар бир йигит муқаддас бурчи деб биладиган Ватанини қўриқлашдек шарафли хизмат чоғида ҳалок бўлганига мана 26 йил бўлди, шу йиллар давомида ҳукуматимиз, жамоат ташкилотлари бизни унутгани йўқ. Ҳамиша ҳар бир байрам арафасида ҳокимият, маҳалла фаоллари  ҳамда касаба уюшмалари вакиллари совға-салом билан келиб,   ҳолимиздан хабар олиб кетишади, – дейди Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Дўстлик фермер хўжалигида истиқомат қилувчи, Ўзбекистон Қаҳрамони Эломон Отажоновнинг онаси Яшина Отажонова. – Мен Ватани корига яраган шундай ўғил ўстирганимдан доим фахрланаман. Ўғлим қисқа яшаса, юлдуздек чарақлаб, ўзидан из қолдириб кетди.

         Шу куни касаба уюшма вакиллари  хизмат чоғида ҳалок бўлган қаҳрамонлар –  лейтенант Хайрулла Бозоров, катта лейтенант Алишер Салимов, Ички ишлар тизими ходимлари – Сирдарё вилояти ИИБ ЁХБ смена бошлиғи Абдумуталлиб Қодирбердиев, ИИБ ЭКБга бўйсунувчи 2-сонли ЭКГ эксперти Ойбек  Нишоновлар хонадонларида ҳам бўлишиб, уларга бир марталик моддий ёрдам пулини топширдилар. Бир пиёла чой устида самимий суҳбатда қаҳрамонлар хотираси ёдга олинди.

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!