«БУРГУТЛАР» ЖАМОАСИ БИРИНЧИ
Республикамиз вилоятлари, туманларидаги чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўқувчи-ёшларни Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари сафларида хизматни ўташ, ҳарбий билим юртларига ўқишга кириш учун руҳан ва жисмонан тайёрлаш, улар ўртасида Ватанга муҳаббат, ҳарбий ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилиш, ёш авлодда Давлат чегараларига нисбатан ҳурмат туйғусини, Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш учун масъулиятни кучайтириш мақсадида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси билан ҳамкорликда, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда бир қатор ННТлар ҳомийлигида бу йил биринчи маротаба кўп босқичли “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақалари ўтказилмоқда.
“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларининг қуйи босқичлари Сирдарё вилояти туман-шаҳарларларида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилиб, 500 дан ортиқ ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизими ўқувчилари иштирок этдилар. Жойларда мусобақалар ўқувчиларнинг ўзига хос фан олимпиадаси сифатида ўтказилди.
Мазкур мусобақаларда ўқувчилар жанговар ва ҳарбий-спорт беллашувларидан ташқари ҳарбий бурч ҳамда ҳарбий-ҳуқуқий билимлар борасида ҳам куч синашадилар. Мусобақа кунлари ўқувчилар Қуролли Кучлар ички тартиб-қоидалари асосида аскар ётоқхонасида яшаб, жанговар техника, ҳарбий хизматчиларнинг кундалик турмуши, ҳарбий хизматнинг шарт-шароитлари билан танишадилар ва кўникмалар ҳосил қилиши кўзда тутилган.
– Мусобақа иштирокчилари қуйидаги шартлар бўйича беллашадилар, булар – жамоаларнинг сафда юриш тайёргарлиги, сафда қўшиқ билан юриш, ҳарбий варақалар, альбом ва вимпеллар кўриги, жамоаларнинг махсус устки кийими кўриги, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарлик бўйича беллашув, давлат чегараси тўғрисидаги билимлар бўйича беллашув, АКМ автоматини қисмларга ажратиш, АКМ автоматини йиғиш, ўғил болалар 1000 метрга, қизлар 100 метрга югуриш, турникда тортилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобининг билимдони ҳамда инглиз тилидан тест синовидир, – дейди «Камолот»ЁИҲ вилоят бўлими мутахассиси Эркин Аҳмедов. – Мусобақа иштирокчилари автоматни қисмларга ажратиш-йиғиш, автоматдан нишонга отиш, 1 километрга югуриш, турникда тортилиш, каби турларда беллашиш орқали таълим муассасасида бошланғич ҳарбий тайёргарлик юзасидан олган кўникмаларини амалиётда исботлашса, сиёсий-ҳуқуқий билимлар танловида эса Ватанимиз тарихи, ҳарбий соҳадаги Қонунлар, Низомлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар юзасидан билимдонлиги, аскарларнинг ҳарбий интизоми, мажбуриятлари, ҳарбий бурчи, ўзида Ватаннинг Қуролли Кучларига бўлган муҳаббат, командирлар буйруқларини сўзсиз бажариши, юқори интизомли бўлиш каби билимларини қай даражада эгаллаганликларини намоён қиладилар.
Мирзаобод туманидаги Н-ҳарбий қисм ҳудудида қизғин ўтган мусобақаларда 5 та қўшни давлатлар билан чегарадош туманлардан ташриф буюрган жамоалар аъзолари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Қуролли Кучлари низоми, Ўзбекистон тарихи ва Фуқаролик кодекси тегишли бўлимлар, Ўзбекистон Давлат тузилиши, байроғи, герби ва мадҳияси ҳақида, бугунги кунда Қуролли Кучлар, хусусан, чегара қўшинлари олдида турган вазифалар, ўзида ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, Қуролли Кучлар сафида ҳарбий бурчини бажаришга сўзсиз тайёр туриш, юқори тартиб-интизом, ўз Ватани олдидаги бурчини ҳис қилиш, ўзида мардлик, ўртоқларга меҳр-оқибатли, доим ёрдамга тайёр бўлиш, берилган топшириқни бажаришга доим тайёр туриш каби саволларга жавоб бердилар. Жисмонан кучли ва чаққонликларини синовдан ўтказдилар.
Мусобақаларнинг натижаларига кўра Ширин энергетика ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг “Бургутлар” жамоаси фахрли 1-ўринни, Ховос транспорт касб-ҳунар коллежининг “Ҳумо” жамоаси 2-ўринни, Мирзаобод қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежининг “Ёш посбонлар” жамоаси 3-ўринни эгаллади.
Фахрли ўринларни қўлга киритган ҳамда мусобақаларда фаол иштирок этган ёш чегарачилар «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
– Бизнинг «Бургутлар» жамоамиз йигит-қизлари 15 дан ошиқ шартларнинг деярли барчасидан аъло баҳолар олиб, биринчи ўринни эгаллади, энди бор куч-ғайратимизни республика босқичида муносиб иштирок этишга йўналтирамиз, -дейди Ширин энергетика ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи жамоаси мураббийи Фарҳод Усмонов.
Мусобақанинг республика финал босқичи 2016 йилнинг май ойида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ўтказилади.
Зебо Ҳайдарова