ҲУНАРИ БОР МИНГНИ ЙИҚАР
Орзу ва умид бу икки тушунча бир- бирига чамбарчас гўё. Уни қачонки амалга оширишга уринсангиз албатта орзулар пиллапоясининг энг улкан чўқиссига эришасиз. Мирзаободлик ёш ҳунарманд Раъно Боймурадова билан суҳбатим давомида унинг орзулари бугунги кунга келиб аста- секинлик билан рўёбга чиқаётганини гувоҳи бўлдим.
-Раънохон, айтингчи, айнан ҳунармандчиликнинг ушбу тури -миллий қўғирчоқлар ясашга қачондан қизиқдингиз ва нималар сизга туртки бўлган?
– Ҳунармандчиликка ёшлигимдан қизиқиб келардим, айнан ҳунармандчиликнинг қайси йўналишини танласам экан деб жуда ўйланардим. Бир куни дўконларимизни тўлдириб турган, қизалоқларимиз учун турли хилдаги чет эл қўғирчоқларига кўзим тушди, шунда олдимга мақсад қўйдим. Мен, албатта, миллий қўғирчоқларимизни яратаман, деб аҳд қилдим. Албатта бу ишларда устозим Насиба опа Қосимованинг ҳиссаси бениҳоя.
-Бугунги кунда сиз вилоятимизда миллий қўғирчоқчи ҳунарманд сифатида тилга тушдингиз. Ютуқларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?
– 2014 йилда иқтидорли ёшлар танловининг вилоят босқичида амалий санъат йўналишида қатнашиб, биринчи ўринни эгалладим. Ўшанда мен қўғирчоқларни намойиш этиш билан бирга ҳайъат аъзоларига “Тўғривой ва Эгривой” эртаги асосида кичик қўғирчоқ театри томошасини ҳам кўрсатиб берган эдим. 2015 йилда эса, “Юрт келажаги” кўрик-танловининг вилоят босқичида яна бир бор ғолиблик нашидасини сурдим. Хар икки сафар мазкур танловнинг республика босқичида муваффақиятли қатнашдим.
2014 йил менинг ҳаётимда бурилиш йили бўлди, десам асло муболаға бўлмайди. Ўша йили “Ташаббус” кўрик-танловининг вилоят босқичида хунармандчилик йўналиши бўйича 2- ўринни эгалладим. Мен шуни алоҳида таъкидлашим жоизки, бу йил ҳам мен учун омадли йил келди, Президент соврини учун ўтказилган «Ташаббус-2016» кўрик-танловида “Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли”номинациясини қўлга киритдим.
– Олдингизда учраши мумкин бўлган қийинчиликлардан чўчимайсизми?
– Албатта қийинчиликларсиз, осонлик билан юқори чўққига эришиб бўлмайди. Менинг ҳунармандчилик фаолиятимни ривожлантиришнинг ўзи бўлмади. Буни амалга оширишимда “Ҳунарманд” уюшмасининг ўрни беқиёс. Бугунги кунда миллий қўғирчоқ ишлаб чиқарадиган цехимда тикувчи дугоналарим билан қизалоқларнинг қувончи бўлган қўғирчоқларни ишлаб чиқармоқдамиз.
– Дилдаги тилакларингиз?
– Мақсад сари дадил интиладиган ёшларимиз сафи кенгайсин. Юртимиз гуллаб – яшнаб, янада тараққий топсин.Тадбиркор ёшлар сони кўпайишини истайман.
Мафтуна Эргашева суҳбатлашди.