Click to listen highlighted text!

ТИНИБ-ТИНЧИМАС ШОҲСАНАМ

Шоҳсанам Бойчибоевани мен биринчи бор кўрганимда сочларига бантик таққан дўмбоққина эркатой  қизча эди. Ўзи чизган суратларини кўрсатаётиб, кўзлари чақнаб кетган, сурат чизиш, бўёқларни қандай ишлатиш тўғрисида устозларидан олган маълумотларини батафсил сўзлаб берган эди. Кейинроқ, Республика дизайн коллежига кетмасидан олдин Шоҳсанамнинг чизган суратлари республика танловида  юқори баҳоланиб, ёш рассомнинг олтин медал олганини эшитганимда тўғриси, ажабланмадим. Чунки, ўша чақнаб турган кўзлардаги иштиёқ эгасини кўзлаган марраси томон етаклаётгани аниқ.

– Шоҳсанам оилада учинчи қиз, икки опаси ҳам, мен ҳам умуман тасвирий санъатдан  йироқмиз, дадаси ҳам Шоҳсанамнинг қизиқишини кўриб дастлаб ҳайрон қолган эди, – дейди Шоҳсанамнинг аяси Лобар Бойчибоева. – Бошланғич синфда ўқиганида ўқитувчиси Салтанат опа ҳамиша «қизингизнинг иқтидори бор, албатта, рассомчиликка ўқитинг» дея такрор-такрор  айтар эдилар. Уларнинг сўзига кириб, қизимни Гулистон шаҳридаги Баҳодир Бобоназаров раҳбарлигидаги Ўзбекистон Бадиий Академияси тасарруфидаги вилоят ихтисослашган санъат мактаб-интернатига олиб келдим.

Шоҳсанам мактаб-интернатнинг 9 синфигача аъло баҳоларда ўқиб, устозларининг ишончини оқлади. Тиниб-тинчимас қиз устози Малоҳат Маҳмудова кўмагида ўз устида ишлашни давом эттириб, ўзига хос асарлар яратди. Айниқса, у яратган «Оналик меҳри» асари бадиий асарлар кўргазмаларида юқори баҳоларга сазовор бўлди. Санъат мактабининг 9-синфида ўқиб юрганидаёқ бадиий санъат кўргазмасида қатнашиб, олтин медал соҳиби бўлди.

Устозлари Баҳодир Бобоназаров ва рассом Анорқул Бойбековларнинг дуои фотиҳасини олиб, Республика дизайн касб-ҳунар коллежига ўқишга кириб кетди. Кейинчалик, устози Анорқул Бойбековнинг дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шу жумладан, Франция пойтахти Париж, Буюк Британия пойтахти Лондонда бўлиб ўтган кўргазмаларида ўз асарлари билан иштирок этди.

– Яқинда коллежни тугаллайман. Ўз мақсадимни аниқ биламан. Тошкент архитектура қурилиш институтининг дизайн факультетига ўқишга кирмоқчиман. Бинолар дизайни билан шуғулланиш истагидаман. Ички ва ташқи безак ишларини чуқур ўрганиб, ўзига хос йўналиш яратишга, ўз жамоамни ташкил этиб, бу борада ўз ўрнимни топишга ҳаракат қиламан, – дейди Шоҳсанам биз билан суҳбатда.

Сочларига катта бантлар таққан, лўппи юзлари  хиёл қизарган жиддий қизча ёдимга тушади. Онасининг эрка қизи Шоҳсанамнинг шу йиллар орасида шунчалик ўзгаргани, қатъий, иродали, маъноли сўзлари билан кишини   ҳайратлантирадиган қиз бўлиб етишибди. Суҳбатимиз Зулфияхоним номидаги Давлат мукофотига номзодлар учун яқиндагина бўлиб ўтган кўрик-танловга бориб тақалди.

– Бу ҳаёт шунақа, кимдир ютади, кимдир ютқазади, аммо, мен бу борада ўз фикримга эгаман. Мен бу мукофотни қўлга кирита олмадим, аммо,  доноларнинг бир гапи бор: агар сиз бир нарсани қўлдан бой берсангиз, кўп куюнманг ва ҳаракатдан тўхтаманг, Сизга бундан-да  кўпроғи ҳадя этилур…Мен ҳаракатдан тўхтамайман, ўз мақсадларимга албатта, эришаман, – дейди Шоҳсанам кўзлари чақнаб.

– Омадингни берсин, – дедим хайрлаша туриб. Ва юртимизда шундай аҳдида қатъий, келажакни ўйлаб, қадам ташлайдиган қизлар кўп эканлигидан кўнглим фахру ифтихорга тўлди.

Зебо Ҳайдарова суҳбатлашди

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!