Click to listen highlighted text!

ЭНГ НАМУНАЛИ ҲАРБИЙ ОИЛА

Вилоят Маънавият-тарғибот марказида Мирзаобод туманидаги Н-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилар оилалари ўртасида  шу номдаги кўрик-танлов ўтказилди.

Кўрик-танловда ҳарбий хизматчилардан уч нафари оилалари билан иштирок этди. Сержант Отабек Йўлдошев, оддий аскар Дилбек Соатов ва оддий аскар Умид Турсуновлар оилалари бешта шарт бўйича ўзаро беллашдилар. Шуни ҳам айтиш керакки, танловнинг икки шарти – «Ошга марҳамат!» палов пишириш  ҳамда «Спорт-саломатлик» эстафетаси бўйича  мусобақалар илгарироқ ҳарбий қисмнинг ўзида бўлиб ўтди ва ҳакамлар ҳайъати ушбу шартлар бўйича ўз баҳоларини қўйиб қайтишган эди.

Танловнинг биринчи шарти – таништирувни дастлаб ҳарбий хизматчи Отабек Юлдашевлар оиласи бошлаб берди. Қувонарлиси, ҳарбий оиланинг фарзандлари ҳам ота-онаси билан биргаликда таништирув қисмида шеърлар, қўшиқлар айтиб, танловнинг ушбу шартига кўтаринки руҳ киритдилар. Оддий аскар Умид Турсунов ва турмуш ўртоғи Матлуба Қорабоева икки ўғиллари билан ўзига хос чиқиш қилди, яъни чиройли қўшиқ билан таништиришди томошабинларга оила аъзоларини.

Иккинчи шарт- саҳна кўринишини ҳарбий хизматчилар қисқа ва пухта сценарийлар асосида тайёрлашган, айниқса, болаларнинг ижроси томошабинларни қойил қолдирди. Шартга қўйилган баҳоларни эълон қилаётиб, ҳакамлар ҳайъати раиси – вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова Дилбек  ва Моҳидил Соатовларнинг қизи – уч ёшли Дилнуранинг актерлик маҳоратига юқори баҳо берди. Саҳна кўринишларида одам савдоси, ичкиликбозлик ва наркомания каби жамиятимизда учраб турган салбий иллатларнинг мудҳиш оқибатлари кўрсатиб берилди.

– Саҳнада болалар шунчалик маҳорат билан ролларини ижро этдиларки, кўзларимга ёш келди, менимча, намойиш этилган фожиали саҳналар залда ўтирган томошабинларнинг бирортасини ҳам бефарқ қолдирмади, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди вилоят бўлими раҳбари Юлдуз Усмонова.

– Биз ўз саҳна кўринишларимиз орқали юртдошларимизни огоҳликка чорлашни мақсад қилганмиз, – дейди Н-ҳарбий қисм маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходими Шуҳрат Қорақулов. – Келажак авлоднинг соғлом жамиятда баркамол униб-ўсишлари учун бундай иллатларга барчамиз бир ёқадан бош чиқариб курашишимиз мақсадга мувофиқдир.

Айтиш керакки, 3 –шарт бўйича ҳарбий хизматчилар оилаларининг ҳуқуқий ва оила гигиенаси бўйича билимлари синовдан ўтказилганида баъзи саволлар қатнашчиларни озроқ ўйлантириб қўйди. Лекин, Турсуновларнинг фарзанди Равшанбекнинг буро-бурро жавоблари ҳакамлар ҳайъатинигина эмас, томошабинларни ҳам завқлантириб юборди.

Ниҳоят кутилган дақиқалар етиб келди. Ҳакамлар ҳайъати раиси Д.Ҳайдарова ғолибларни эълон қилди. Биринчи ўринга сержант Отабек Юлдашев оиласи, иккинчи ўринга оддий аскар Умид Турсунов оиласи, учинчи ўринга оддий аскар Дилбек Соатов оиласи муносиб деб  топилдилар. Ғолибларга вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди. Тадбир сўнггида ҳарбий қисм командири, подполковник У. Искандаров кўрик-танлов иштирокчиларининг ҳар бирига ҳарбий қисм раҳбарияти номидан ташаккур билдирди ва уларни моддий рағбатлантириш ҳақида буйруғини ўқиб эшиттирди.

-Бундай тадбирларни ўтказиш оилалар аҳиллиги ва мустаҳкамлигига ҳисса қўшади, бу эса замонавий жамиятда жуда муҳим. Қаердаки оилада соғлом муҳит ҳукмрон бўлса, ўша давлат ривож топади. Демак, биз соғлом муҳитли оилаларни кўпайтириш йўлида ҳаракат қилмоғимиз зарур, – деди тадбирда иштирок этган «Оила»илмий-амалий маркази вилоят бўлими раҳбари Сабоҳат Зунунова.

Зебо  Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!