Click to listen highlighted text!

МАКТАБИМИЗ ФАХРИ

                      «Умр-оқар сув»дейдилар, вақт муттасил давом этаверади, ҳар бир кунимиз, дақиқамиз тарихга айланиб бораверар экан. Инсон ўзи севган касби устида тинмай изланиб, янаям билими мукаммаллашиб боради, бундан ўзи ҳам завқланади, атрофдагилари ҳам баҳра олади. Шундай инсонлар учун вақт ҳамиша қадрли. Бундан 37 йил аввал худди шу сарлавҳа остида ўрта мактаб битирувчиси, синфдошим Муҳаммад Шопўлатов устозимиз Бозорбой ака Болтаев мураббийлиги остида туман, вилоят, республика олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллаб, ўзининг иқтидори, тинимсиз изланувчанлиги туфайли илмнинг юқори чўққиларини забт этганлиги ҳақида мақола чоп эттирган эдим. Айни кунларда Муҳаммад Сайхунобод туманидаги 16 – ўрта умумтаълим мактабида  меҳнат жамоаси раҳбари сифатида ўқув-тарбия ишларини яхши йўлга қўйиб олган. Бу галл қўлимга қалам олиб ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамоним ҳам худди шу жамоа аъзоси – Наргиза Синдорова. Наргиза 1996 йилда Гулистон  Давлат университетининг тарих факультетини тугаллаган. Шундан буён Сайхунобод туманидаги 16-умумтаълим мактабида устозлик фаолиятини давом эттириб келяпти. Наргиза ўзининг ҳар бир дарсига алоҳида тайёргарлик кўради, масъулият билан ёндошади, элимиз фарзандларига ватанимизнинг шонли тарихини кўргазмали қуроллар, интерфаол услубларда етказишга ҳаракат қилади. Ўқувчилар тарих фанини нечоғли севишларини, устозларини эса оналаридек яхши кўришларини кўриб, Наргиза билан бир жамоада эканимдан фахрланаман. Наргиза яхши ҳамкасб, билмаганини сўраб, билиб олишдан, ўз устида ишлашдан эринмайди. Шу боисдан ҳам, жамоада ўз ўрнига эга, ҳамкасбларининг ҳурматига сазовор ўқитувчи.

                  Ўз оиласи ва маҳалласида ҳам Наргизанинг алоҳида ўрни бор. Наргиза катта келин, овсинлари ҳам ўқитувчи, улар бир жамоада меҳнат қилишади. Овсинларнинг аҳил-иноқ, ҳамфикрлигини кўриб, ҳамманинг ҳаваси келади.  Фарзандлари ҳам ота-оналаридан ибрат олиб, аҳил-иноқ вояга етишмоқда. Маҳалламизда Синдоровлар оиласи энг намунали хонадонлардан. Оила бошлиғи Тузал ака маҳалла фаолларидан. Аҳолини  водопровод суви билан таъминлашда бош-қош бўлди, 16 –умумтаълим мактабига ҳамиша ҳомийлик қилиб келади. Қайнонаси Саодат ая келинларнинг саранжом-саришта, ҳар бир ишга чаққонлик билан улгура олишида ҳали ҳам ибрат мактабини ўтайдилар. Айни дамда Саодат ая пойтахтда таълим олаётган икки нафар набираси тарбияси билан машғул, аммо, бу ерда ҳам оилада унинг маслаҳатисиз иш қилинмайди.

Рўзғор тўғри ташкил этилса оила фаровон яшайди, аҳил-иноқ хонадондан барака узилмайди.  Бу дунёда инсондан фақат яхши ном қолади, Наргиза ва унинг касбдошлари эл аро «устоз»деган шарафли номга сазовор эканликларидан кўнгиллари тўлиб яшашаяпти.

Наргизани чин маънода мактабимиз, маҳалламиз фахри, десам муболаға қилмаган бўламан.

Асиба БОТИРОВА, 16-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, «Наврўз» МФЙ

диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!