“ЖАМОА ШАРТНОМАСИНИНГ АҲАМИЯТИ” МАВЗУСИДА ЎҚУВ-СЕМИНАРИ ЎТКАЗИЛДИ
Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг мажлислар залида 2015 йилнинг 28 апрел санасида меҳнат муносабатларини тартибга солишда жамоа шартномалари аҳамиятини ошириш мақсадида иш берувчилар ва кадрлар хизмати ходимлари учун “Жамоа шартномасининг аҳамияти” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.
Ўқув-семинарида вилоят ҳокимлигининг тегишли вакиллари, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, унинг бизнесга кўмаклашувчи марказлари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вилоят бошқармаси , Давлат солиқ бошқармаси вилоят бўлими, Марказий банк ва тижорат банклари ҳудудий филиаллари вакиллари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг иш берувчилари вакиллари ва ходимлар билан ишлаш бўйича вакиллари иштирок этдилар.
Қатнашчилар меҳнат соҳасидаги халқаро ва миллий стандартлар, меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этишда иш берувчининг мажбуриятлари тўғрисида, меҳнат муносабатларини тартибга солишда жамоа шартномаларининг аҳамияти тўғрисида соҳа мутаҳассиларининг маърузаларини тингладилар.
Семинарда таъкидланганидек, 2014-2016 йиллар учун имзоланган Бош келишув асосида вилоятда имзоланган Ҳудудий келишув шартларига асосан уч томонлама мулоқот амалга оширилиб, корхона, ташкилотларда жамоа шартномалари қабул қилиниб уларда ходимларнинг ижтимоий иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига эришилмоқда. Кейинги пайтларда кичик бизнес субъектларида аҳолининг бандлик даражаси фоизлари ошишини инобатга олиб, жамоа шартномаси тузилмаган нодавлат сектори корхоналари билан ишлар жонланиб, корхоналарда бошланғич ташкилотларни тузиш, уларда жамоа шартномаларини қабул қилиш орқали ишловчи ходимлар манфаатларини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
Семинар иштирокчиларига меҳнат муносабатларида жамоа шартномасининг аҳамияти тўғрисида маълумот берилар экан, тизимли ишлар натижасида вилоят бўйича 1350 та жамоа шартномаларига ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш талаби киритилгани, шунингдек, 1350 тасида иш берувчининг айби билан ходимга хақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик масалалари, иш берувчининг ташаббуси билан ходимни бошқа ишга ўтказиш чегараси йил давомида 60 кундан ошмаслиги, Халқаро меҳнат ташкилотининг 138, 182-сонли Конвенциялари талаблари ҳамда 461 тасида касаначиликка оид меъёрий қоидалар белгиланиши, киритилиши ва ҳаётга тадбиқ этилишига эришилгани маълум қилинди. Бундан ташқари ходимларга асосий узайтирилган таътиллар берилиши, ишловчиларга қўшимча таьтиллар, иш берувчининг маблағлари ҳисобидан ходимлар соғломлаштирилиши ҳам жамоа шартномалари орқали амалга ошириб келинмоқда.
Амалдаги жамоа келишувларида меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари аниқ ифода этилган, ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақти масалаларига эътибор берилиб, узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатилган.
Семинар сўнгида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар ва музокараларда таклифлар билдириб келгусида нодавлат сектори корхоналарида касаба уюшмаларини тузиш йўли билан меҳнат қилаётган ходимларнинг қонунлар билан белгилаб қўйилган ҳуқуқларини жамоа шартномалари билан қамраб олиш ишларини янада жонлантиришга келишиб олдилар.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири