ФАРЗАНДИМ, ТИНЧЛИКНИНГ ҚАДРИГА ЕТИНГ
Умумхалқ байрами –Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоятда Ватанимиз озодлиги ва шаъну шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар, байрам тантаналари ўтказилмоқда. Шундай тадбирлар Ширин шаҳрида ҳам юқори савияда ташкил этилди. Ҳозирда шаҳарда 2 нафар иккинчи Жаҳон урушининг қатнашчилари истиқомат қилмоқда. Байрам арафасида шаҳар ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва бошқа ташкилот вакиллари 93 ёшли уруш фахрийси Риф Тукаев хонадонига ташриф буюришди. Шу куни ҳомийлар томонидан байрам дастурхони ташкил этилиб, маданий тадбир амалга оширилди. Ташкилотчилар президентимизнинг 800 000 сўм, касаба уюшмаларининг 400 000 сўм миқдоридаги пул мукофотларини топшириб уларни қутлашди.
Тадбирда шаҳар болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчи ёшлари ҳам иштирок этишиб ўзларининг шеър ва қўшиқларини тақдим этишди.
Риф Тукаев уруш бошланган йили ҳали ўсмир – 17 ёш бўлган. Институтга ўқишга кириб бир йил ўқигач армияга чақирилиб танкчи вазифасида уруш ўчоғига жўнатилади. Умрининг 3 йили ўлим билан олишиб жанггоҳларда ўтди.
- Отам 1-Жаҳон урушида қатнашган. Бу тақдир менга ҳам аталган экан. Шукурки, қисматим фарзандларим ҳаётида такрорланмади. Тилагим, авлодларим ҳам уруш даҳшатини билмай жаннатмонанд Ўзбекистонда бахтли яшашсин, – деди уруш фахрийси.
Отахон урушдан қайтгач нурчи бўлиб шарафли касбда ишлади. Узоқ йиллар “Сирдарё ИЭС” АЖда меҳнат қилиб фарзандларини улғайтирди, ўқимишли қилди. Юртимиз ёшларига ҳавас қилишини, ўқиш, ҳунар ўрганиш учун барча шароитлар борлигини таъкидлаб, буларнинг қадрига етишни насиҳат қилди.
Шу куни байрам ташкилотчилари уруш фахрийси София Вохидова хонадонида ҳам бўлиб айём билан қутлашди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири