ЭНГ БИРИНЧИ ҒАМХЎР

         7 та йўналиш асосида 1103 нафар ўқувчилар таълим олаётган Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежи ёшларнинг  маънавий камолоти йўлида чин маънода  хизмат қилаётир. Энг аввало, маскан ободлиги, замонавий жиҳозларга эгалиги кўнгилни кўтаради. Дарвоқе, бу йил “Ўзбекистон-Швейцария касб кўникмаларини ривожлантириш бўйича  4 фаза” лойиҳаси асосида 3 та пилот гуруҳи очилган. Қулай жиҳозларга эга бу гуруҳларда ўқувчилар янги билимларни зўр қизиқиш билан эгаллашмоқда.

   Қувонарлиси, яратилган имкониятларга ўқувчиларнинг ўзлари ҳам муносиб жавоб  қайтаришмоқда. Коллеж ўқувчи ёшлари жаҳон миқёсидаги беллашувларда кўп маротаба иштирок этиб келмоқдалар. Бу йилги ютуқлар нуфузи ортганини эътироф этишимиз мумкин. Малайзияда бўлиб ўтган армрестлинг бўйича Халқаро турнирда Отабек Жабборов, Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган худди шундай турнирда 60 кг вазн тоифасида Миркомил Тўрамирзаевлар совринли ўринларни эгаллаб қайтишди.

photo_2016-10-14_10-53-36-1

      Умуман, коллеж ҳақида сўз кетганда  бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Феруза Мамажонова ҳақида  айтиб ўтиш жоиз. 134 кишилик меҳнат жамоасининг касаба уюшма ташкилотига бошчилик қилиб келаётган ушбу серғайрат опа билан  вилоятга ишга келган илк кунларимдаёқ танишганман. “Қарши шаҳридан қайтдик. Оилавий беллашувда ходимларимиз иштирок этди. Ўрин ҳам насиб бўлди”,- дегандилар ғалабадан шодланиб ўшанда. Шундан сўнг семинар, тадбирларда кўришиш одатга айланди.  Ушбу мақола учун маълумот олиш ҳам осон кечди. Тайёрланишга муддат ҳам, ҳужжатларга қараб олишга ижозат ҳам сўрамай, “жуда яхши бўларди,”- деб қарши олдилар. Исмлар, ўтказилган муддат, тадбирлару маънавият соатлари ҳақида ёнма ён ўтириб айтиб бердилар. Ҳаммаси хотирада бор-да.  Мутахассисликлари бекорга тарих фани ўқитувчиси эмас эканда, деган ўй кечади хаёлимиздан.

         Феруза Мамажонованинг меҳнат жамоаси орасида  обрў-эътибори, ишончи юқори. Фидойи ва кўпчилик билан тез тил топишиб кета оладиган опани ўтган йили бўлиб ўтган бошланғич касаба уюшма ташкилоти раислиги учун ўтказилган сайловда меҳнат жамоаси яна бир бор  ишонч билдириб, касабақўм раиси этиб сайладилар.

         – Қўмитанинг вазифаси ходимларнинг ҳар бирини ижтимоий муҳофаза қилиш, меҳнат ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, улар ўртасида маънавият тадбирлари ўтказиш, соғлом турмуш тарзини тарғибот қилишдан иборат, – дейди Феруза Мамажонова. – Мисол учун, муассасамизда кўп йиллар ишлаб кетган ўқитувчилар ҳолидан хабар олинди, байрам тадбирлари уюштирилиб,  бир пиёла чой устида  фахрийларимиз ва ёш кадрлар учрашуви ташкил этилди. Фахрий устоз Мунаввар Абдуллаеванинг 60 ёшлик юбилейи муносабати билан аъзоларимиз билан биргаликда уларни қутладик ва кузатиш кечасини ташкил қилдик.  Шу билан биргаликда Наврўз байрами арафасида, шунингдек, Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида спорт тадбирлари ўтказдик, фаол аъзоларимизни рағбатлантирдик. 1 октябр – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган футбол мусобақасида бизнинг жамоамиз вилоятда 1-ўринга сазовор бўлиб, республика беллашувларида ҳам чиройли ўйинлар кўрсатиб қайтишди. Ҳар йили  жамоамиз учун  юртимизнинг тарихий шаҳри – Самарқандга саёҳат уюштирамиз. Бу йил ҳам кекса ходимларимиз, аёлларимизнинг 44  нафари Самарқанд шаҳридаги қадамжоларда зиёратда бўлиб қайтишди. Ўттиз нафар ходимларимиз Зомин дам олиш масканида табиат қўйнида ҳордиқ чиқариб қайтишди.

        Шу билан бирга меҳнаткашларни соғломлаштириш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди. 3 нафар ходимимизнинг истакларига кўра “Зомин” , “Чортоқ”, “Чинобод” сиҳатгоҳлари учун йўлланмалар олишда кўмаклашилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Касаба уюшмалари – аёлларга” акцияси доирасида ходимимиз “Умид гулшани” санаториясида бепул даволаниш муолажаларини олиб қайтди.

         Бошланғич ташкилотда  доимий равишда маънавият соатлари ўтказилиши йўлга қўйилган. Вилоят ёзувчилар уюшмаси аъзолари, театр артистлари , истеъдодли ёшлар иштирокидаги бу тадбирларда ҳамма иштирок этиб мароқ билан тинглашади.

     Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, бу ерда барча ишларда касаба уюшмаси аралашуви, ўрни  бор бўлиб, энг биринчи ғамхўрга айланиб улгурган.

  Озода МАМАДАЛИЕВА,“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email