Click to listen highlighted text!

САЙЛОВЛАРДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАМИЗ

            Вилоятимиз шаҳар ва туманларида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман), “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва ОАВ ходимлари иштирокида аҳоли ўртасида   сайлов  қонунчилиги ва сайловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича турли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

         Шуни ҳам айтиш жоизки, сайловолди тарғиботларида вилоятда мавжуд ННТлар, хусусан, хотин-қизлар қўмиталари, касаба уюшмалари ташкилотлари, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, “Маҳалла” хайрия фонди вилоят бўлими ва бошқалар фаол  иштирок этишмоқда. Айниқса, хотин-қизларнинг фаоллигини кучайтириш, сайлов жараёнларида уларнинг тўлиқ иштирокини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

         Жорий йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш каби муҳим жараёнда аёлларнинг ўрни ўзига хос аҳамиятига эга, -дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова. – 8-Сирдарё сайлов округи ҳудудида ташкил этилган 271 та участка сайлов комиссиялари аъзоларидан 989 нафари аёллардан иборат. 57 та участка сайлов комиссияларини аёллар бошқаришмоқда.  Вилоятимиз аҳолисининг 52 фоизини аёллар ташкил қилишини, сайловчиларнинг ҳам 50 фоиздан кўпроғини аёллар ташкил этишини ҳисобга олсак, улар ўртасида сайлов қонунчилиги доирасида ҳуқуқий саводхонликларини ошириш борасида олиб борилаётган ишларнинг нечоғли муҳим эканлиги аён бўлади.

         Шу кунгача вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси вакили (Омбудсман), вилоят адлия бошқармаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда 164 та давра суҳбатлари, семинар ва учрашувлар ўтказилиб, ушбу тадбирларда 7000 нафарга яқин аёл ишчи-ходимлар, уй бекалари иштирок этишди. “Овоз беришда шахсан қатнашаман!”, “Бизнинг оиламизда ҳамма ўз овозига эга!”, “Менинг овозим Ватан келажагига дахлдор!”, “Биз сайлаш ҳуқуқига эгамиз!”, “Сиз сайловчилар рўйхатида бормисиз?” каби мавзуларда ўтказилган тадбирларда мутахассислар томонидан иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга тўлақонли жавоб берилди.

          – Ушбу тадбирлар 76 та маҳалла, 59 та таълим муассасаларида ва 30дан ошиқ меҳнат жамоаларида  ўтказилиб, қатнашчиларга яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар, президентликка номзодлар ҳақида тушунчалар берилди, аёллар, ёшлар  ва ишчи-ходимларнинг сайлов қонунчилиги доирасида ҳуқуқий саводхонликлари оширилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) Камолиддин Оқбўтаев. –Бундай тадбирлар ҳар куни вилоят  ҳудудлари бўйлаб давом этмоқда.

       Боёвут туманидаги “Анорзор” маҳалласида сайлов ҳуқуқига эга 2700 нафардан ошиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳалла диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Юлдуз Кўккўзова. – Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, улардан 729 нафар аёллар ва қизлар бўлиб, 74 нафар ёшларимиз бу йил биринчи бор сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Улар ўртасида октябрь-ноябрь ойларида бир неча бор турли тадбирлар, давра суҳбатлари, иншолар танлови ўтказилди. Маҳалла фуқаролар йиғини биносида ташкил этилган 81- сайлов участкаси ҳам ушбу муҳим жараён учун тахт қилиб қўйилди.

     – Яқинда Ховос туманидаги Меҳнатобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биносида  меҳнат жамоаси ҳамда аҳоли учун сайловолди тарғибот тадбири ўтказилди, ушбу тадбирда 200 нафардан ошиқ ишчи-ходим ва аҳоли  иштирок этишди. Қатнашчилар сайлов қонунчилиги доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олдилар, уларни ушбу муҳим жараёнда фаол қатнашишга чақирилди, – дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилкарам Эрназарова.

        Ноябр ойи охирига қадар меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда 200 дан ошиқ шундай тадбирлар ўтказиш режалаштирилган  бўлиб, ушбу тадбирларда 200 000 нафардан ошиқ  меҳнаткашлар, шу билан бирга  300 минг нафарга яқин аёллар ва  қизларга сайлов жараёнлари босқичлари ҳақида тушунчалар берилади, уларнинг ҳуқуқий маданияти шакллантирилиб, ижтимоий фаолликлари оширилади.

 

                         Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!