Click to listen highlighted text!

“ИСТИҚЛОЛ ҒУНЧАЛАРИ” КЎРИК-ТАНЛОВИ

           Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бугунги кунда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бир қаторда ходимлар ва уларнинг оила аъзолари маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш орқали бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида ҳам тизимли ишларни амалга ошириб келинмоқда.

         Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад, аввало, мамлакатимизда Истиқлол йилларида инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ва бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳиятини меҳнаткашларга, айниқса, ёшлар онгига етказиш, улар қалбига шукроналик туйғуларини сингдиришдир.

img_0831

      Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, ёш авлодни бадиий ҳаваскорликка ва санъатга жалб этиш орқали уларда Ватанга муҳаббат, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, миллий ва маданий анъаналарга ҳурмат туйғуларини, эстетик дидни шакллантириш орқали ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларига ҳисса қўшиш, ёш иқтидорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида  “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. “Соғлом она ва бола йили”да 3 босқичда ўтказилган мазкур танлов республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган маданият муассасаларининг болалар бадиий жамоалари иштирокчиларини ўзида жамлади.

img_0808

   Кўрик-танловнинг сентябрь ойида ўтказилган дастлабки босқичида жойлардаги маданият муассасаларида фаолият юритаётган болалар бадиий жамоаларида шуғулланувчи 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган 7 минг 800 нафардан ортиқ болажонлар иштирок этдилар. Иккинчи ҳудудий босқичида эса 1 минг 700 нафар иқтидорли санъатсевар болалар ўз маҳоратларини кўрсатиб, анъанавий ижрочилик, эстрада қўшиқчилиги, якка ва ансамбль чолғу ижрочилиги, якка ва жамоа рақси ижрочилиги йўналишларида истеъдодларини намоён этдилар.

         Ўзига хос болалар санъат байрамига айланган мазкур кўрик-танловнинг якуний – республика минтақавий босқичи жорий йилнинг 26 октябрь куни 4 та худудда – Сирдарё, Сурхондарё, Наманган вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилди. Уларда қуйи босқичларнинг ғолиби бўлган 300 нафарга яқин ёш истеъдодлар иштирок этдилар.

           Хусусан,   Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган минатақавий босқичда Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 113 нафар иқтидорли ўғил-қиз иштирок этди. Уларнинг 4 та йўналишда – анъанавий ва эстрада қўшиқчилиги, рақс ва чолғу йўналишлари бўйича чиқишларини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Курортлар бошқармаси етакчи мутахассиси   Маҳмуда Мирзаева раислик қилган нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Шуни ҳам айтиш жоизки, ушбу кўрик-танлов фарзандларимизнинг ниҳоятда истеъдодли эканликларини тўлалигича намоён этди. Анъанавий қўшиқчилик бўйича энг юқори бал тўплаб, биринчи ўринни эгаллаган Жиззах вилоятилик Зарнигор Бозорова  ижро этган қўшиқ барчага манзур бўлди. Тошкент вилоятилик ёш эстрада хонандаси Шуҳрат Миртурғунов, Сирдарё вилоятилик Шоҳжаҳон Абдуғаниевларнинг ижроси ҳам кўпдан-кўп олқишларга сазовор бўлди. Саҳнани тўлдириб, рақс тушган Гулистон тумани аҳоли дам олиш ва маданият маркази қошидаги “Деҳқон болалари” ансамбли, “Лола” рақс гуруҳи, еру кўкни зириллатиб, ҳаммани рақсга чорлаган Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳрининг “Зарб” чилдирмачилар гуруҳларининг чиқишлари ҳам ҳакамлар ҳайъати томонидан юксак баҳоландилар.

img_0846

  • Биз ушбу кўрик-танловда “Кади” рақсини ижро этдик, – дейди “Лола” рақс гуруҳи аъзоси Ҳуррият Исроилова. – Ўз олдимизга биринчи ўринни эгаллашни мақсад қилиб қўйган эдик, бугун шу мақсадимизга эришдик. Яна биз бу ерда кўпдан кўп тенгдошларимиз билан танишдик, уларнинг чиқишлари биз учун маҳорат мактаби вазифасини ўтади. Бизга шундай имкониятлар яратиб берган ҳомий ташкилотларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
  • Тадбир ниҳоятда юксак савияда ўтди, – дейди Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Шароф Баҳриддинов. – Бизни кутиб олиб, жойлаштириш, танловнинг ўтказилиши, ҳакамлар ҳайъатининг холисона ёндошуви бизга жуда ёқди.

           Кўрик-танлов ниҳоясида ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари сўз олишиб, ҳар бир чиқишга ўз муносабатларини билдирдилар ва   тавсияларини беришди. Ғолиб ва совриндорлар касаба уюшмаларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

                        Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!