КАСАБА УЮШМАЛАРИ -ФАХРИЙЛАРГА
Мамлакатимизда кексаларни қадрлаш ва эъзозлашга катта эътибор кўрсатиб келинади. Буни уруш ва меҳнат фахрийларининг матонат ва қаҳрамонликларини қадрлаб, уларга ҳар томонлама иззат-икром кўрсатиш доимий анъанага айланганлигидан ҳам билиш мумкин.
Шу кунларда юртимизнинг ҳар бир ҳудудида бўлгани каби, Сирдарё вилоятида ҳам Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказиладиган тадбирлар қизғин давом этмоқда. Бу савобли ишлардан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳам четда қолгани йўқ. “Касаба уюшмалари – фахрийларга” акциясини ўтказиш ҳар йилги анъанага айланган. Бу йил вилоятда истиқомат қилаётган 36 нафар уруш ва фронторти меҳнат фахрийларининг ҳар бирига касаба уюшмаларининг 400 минг сўм миқдоридаги байрам совғаси туҳфа этилди. Шунингдек, ҳудуддаги мустақиллик йилларида хизматни ўташ даврида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг 8 нафар оилаларига 250 минг сўмдан манзилли моддий ёрдам кўрсатилди.
Сирдарё туманида байрам муносабати билан уруш фахрийлари Бектурсун Пирматов, Карим Муҳаммадиев, Иван Шведенко, Қаршибой Сатторов, Александр Бакаевларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, айём билан қутлаб, уларга Федерация Кенгашидан ажратилган мукофот пуллари берилди. Шунингдек, туман хотин-қизлар Мурувват уйида катта тадбир ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев иштирок этиб Федерация Кенгашининг совғаси – электр печи тақдим этди.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакиллари Н-ҳарбий қисм шахсий таркибида ҳам бўлишиб ватанимиз тинчлигида ҳарбийлар хизмати юқорилиги таъкидланиб, касаба уюшмаларининг телевизор қимматбаҳо совғаси топширилди.
Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармасида харбий хизматни ўташ даврида ҳалок бўлган 5 нафар харбий хизматчиларнинг оила аъзоларига Федерация Кенгашининг мукофот пуллари ва ИИБ томонидан ажратилган қимматбаҳо совғалари тантанали равишда топширилди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири