Click to listen highlighted text!

ЁЗГИ ДАМ ОЛИШ МАВСУМИ БОШЛАНИБ КЕТДИ

           Олтин ёзни ҳеч ким болаларчалик интиқиб кутмаса керак. Ушбу фаслнинг биринчи кунлариданоқ мактаб партасида ўтириб толиққан ўғил-қизлар учун оромгоҳлар ўз бағирларини кенг очадилар.
Ҳар йилгидек, Сирдарё вилояти ўқувчиларининг ёзги таътилларида кўнгилли ҳордиқ чиқариш учун катта тайёргарликлар кўриган. Шу кунларда вилоятдаги 3 та стационар оромгоҳда 632 нафар болажонлар яйраб дам олмоқдалар. Куни кеча Сирдарё туманидаги “Сирдарё” ёзги соғломлаштириш оромгоҳида оромгоҳнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
– Оромгоҳимизда ҳар йили уч сменада 800 нафардан ошиқ ўғил-қиз ҳордиқ чиқаради, – дейди тадбирда сўзга чиққан оромгоҳ раҳбари Мурод Аллаяров. – Уларга қулай шароитлар яратиш мақсадида биноларимиз чиройли таъмирдан чиқарилган ва жиҳозланган, турли тўгараклар фаолият юритишмоқда. Биз оромгоҳимизни қўллаб-қувватлаган вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, қолаверса, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Шуниси қувонарлики, ушбу ҳудуддаги 4 та оромгоҳ 2014 йилдан бошлаб бирлашганидан буён “Сирдарё” оромгоҳи икки маротаба оромгоҳлар фаолиятига бағишланган тадбирларда “Энг намунали оромгоҳ” номинацияси ғолиб бўлди. Бу йил ҳам Федерациянинг дипломи ва қимматбаҳо совғаси – телевизор оромгоҳ директори Мурод Аллаёровга тантанали топширилди. Бу ҳақдаги хабарни очилиш маросимига ташриф буюрган меҳмонлару оромгоҳ тарбиячи-ходимларидан тортиб жажжи дам олувчиларгача, ҳамма олқишлар билан кутиб олишди.
Оромгоҳ бош етакчиси Умид Наврўзов, мусиқа ва гимнастика тўгараги раҳбари Мадина Абдураҳмоновалар бошловчилик қилган очилиш маросими ҳар йилгидан-да кўтаринки руҳда ўтди. Болажонлар ижросида чиройли рақслар, қўшиқлар, шеърлар гулдурос олқишларга кўмилиб кетди.
-Менинг қизим Жасмина Раимова “Сирдарё” оромгоҳига иккинчи бор келиши, – дейди Гулистон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Ж.Раимованинг дадаси Нуриддин Ҳакимов. – Очилиш маросимига таклиф этганида тўғриси, онаси билан биз бу тадбирнинг бунақа чиройли байрам бўлишини кутмаган эдик. Болаларнинг иқтидорларини кўриб қойил қолдик. Оромгоҳнинг ётоқхонаси, ошхонаси, уларнинг саранжом-саришталиги, ҳовлисининг соя-салқин экани, муҳими, қизимизнинг бу ерда яйраб дам олаётганини кўриб, кўнглимиз тўлди.
Юзу кўзларидан қувонч барқ урган болажонларни кўриб, тинч ва фаровон юртда ғам-ташвиш нелигини билмай ўсаётган ўғил-қизларга ҳавасим келди. Мустақил Ўзбекистонимизнинг фарзандлари бахту камолига кўз тегмасин!

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!