Click to listen highlighted text!

ОБОД УЙДА БАРАКА БОР

Сирдарё вилоятининг томорқа хўжаликлари ўрганилганда 89та хонадонда иссиқхоналар мавжудлиги аниқланган. Уларнинг қарийб ярми, ёхуд 41 таси Сирдарё туманига тўғри келган.
Халқимизда “исм – умрга таъсир қилади”, дейилади. Жой номлари ҳам шундай, ҳудудга мослаб қўйилади. Туманнинг “Қуёш” маҳалласи, унинг “Бободеҳқон” кўча номлари ҳам тажрибали зироаткор аҳолисига ишорадек, гўё.Асли форишлик бўлган Раънохоннинг оталари асл деҳқон бўлган. Шунинг учун ҳам таниган билганлар деҳқон опани “ота қизи” дейишади.
Бундан 7 йил аввал, ҳали банкдан қарзга пул олиш, унга фоиз қайтариш тушунчалари энди бошланаётган пайтларда Раъно опа Нишонова 4 млн 800 минг сўмлик кредитни қишлоқда биринчилардан бўлиб олди. 4 сотихлик томорқасига енгил конструкцияли замонавий иссиқхона қурди.
– Оилада ҳамма баравар ҳаракат қилдик. Сабаби доимий касб-коримиз бор, – дейди қаҳрамонимиз Раъно Нишонова. – Турмуш ўртоғим туман бандликка кўмаклашиш марказида ҳисобчи бўлиб ишлайдилар. Икки нафар ўғилларим талаба, кенжатойимиз бошланғич синф ўқувчиси, ўзим ҳам маҳалла маслаҳатчиси вазифасида ишлар эдим.
Ўшанда 18 ойга олинган кредитни муддатидан аввал тўлаб, шартномани бажаришди. Шундан сўнг, иккинчи марта чорва учун маблағ олиб, қорамол сотиб олишди. Рўзғорга барака инди.
Ҳозир ҳар йили даромадларини жамғаришиб, эзгу ишларни амалга оширишади. Бир йил ҳовли четидан уй солишди, кей инги йилда келин олишди. Фарзандлари олий ўқув юртларида таҳсил олишди. Бугун касбу корли бўлишса ҳам, томорқа ишлариниташлаб қўйишмаган. Хонадонда ҳамма барвақт уйғонади. Томорқага тушиб чопиқ, бегона ўтлардан тозалаш каби юмушларни бажариб, сўнгра ишга отланишади. Эрта турганнинг, меҳнат қилганнинг ризқи ҳам мўл бўлади деганларидек, бу йилги ҳосил ҳам кўнгилдагидек бўлди. Помидор ва булғор қалампири ўз вақтида етилиб пишди. Савдогар харидорлар зироатчини ортиқча овора қилмай, иссиқхонанинг ўзидан маҳсулотларни олиб кетишди. Кўчатлар, ишлов учун жами 1 млн сўмлик ҳаражат қилинган бўлса, маҳсулотни 7 млн сўмга пуллашди. Англашилганидек, катта қисми фойданинг ўзи.
“Қуёш”шаҳарчасида Раъно опадан ўрнак олиб, хонадонида иссиқхона ташкил этганлар сафи йилдан йилга кўпаймоқда. Жумладан, Зуҳрахон Нарзуллаева, Сафаргул Каримова, Наргиза Нишоновалар меҳнатни экиш вақти, қандай уруғ қадаш, уни парваришлаш каби саволлар билан бошлаган эдилар. Эндиликда аллақачон тажрибали тадбиркор – деҳқонларга айланишган.
Ҳа, айтганча, қаҳрамонимизнинг кетмони иссиқхона иши тугаса ҳам қўлидан тушай демайди. Навбатдаги уруғ қадашни бошлаб юборади. Бўшаган ерга картошка, саримсоқпиёз, кечки бодринг каби кўчатлар парвариши бошланади. Қарабсизки, куз адоқламай, иккинчи бор ҳосилни териб олишади. Бу даромадни ошириш билан бирга йил давомида ҳовлига яшиллик ва ободлик қиёфасини бериб, қозонга ҳам доим барра маҳсулот тушишини таъминлайди.
Ниятлар ҳақида гапира туриб, эндиги навбат автомобил эканлигини айтдилар. Демак, насиб қилса бу йилги даромаддан янги машина олишади.
Улуғларимиз “обод хонадоннинг ҳар вақт баракаси бор” деб бежизга айтишмаганига яна бир бор амин бўламиз. Раъно опадек тадбиркор деҳқонлар бизга асл барака фақат ҳалол меҳнат ортидан келиши ҳақида сабоқ беришади.

Озода МАМАДАЛИЕВА, “Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!