Click to listen highlighted text!

ЁЗ СОЗ ЎТИШИ УЧУН МАСЪУЛМИЗ

        Ҳаётимиз мазмуни – болажонларимиз шодлиги, баркамол вояга етишлари барча учун бирдек муҳим. Бу борада, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳамда маданий манфаатлари ҳимоячиси бўлган касаба уюшмалари ходимлар фарзандлари соғломлаштирилиши, дам олдирилиши масаласида етакчи ғамхўр бўлиб келаётир.

        Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мажлислар залида 2016 йил ёзги соғломлаштириш  мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида вилоят оромгоҳлари ташкилотчиларининг ўқув семинари бўлиб ўтди. Ўқув семинарда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси  раиси ўринбосари Қ.Эшназаров, вилоят халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси Зулфия Неъматова, вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғайрат Эгамбердиев, ва бошқа тегишли вилоят ташкилотлари вакиллари, шунингдек,   оромгоҳ раҳбарлари, тарбиячилар, етакчилар, оромгоҳда фаолият юритадиган тиббиёт ва ички ишлар ходимлари, ҳисобчилар, спорт йўриқчилари қатнашдилар.

      Вилоятда “Кундузги соғломлаштириш оромгоҳида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш тартиби тўғрисида муваққат Низоми”дан келиб чиқиб бу йил режага кўра 19 та кундузги болалар оромгоҳида 2800 нафар ва 3 та стационар турдаги оромгоҳларда 2000 нафар бола дам олдирилиши режалаштирилди. Кундузги оромгоҳларда 7 ёшдан  14 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади ва 10 кун давомида улар кундуз куни дам олдирилади.

          – Май ойининг бошида 2016 йилги мавсумда оромгоҳларда фаолият олиб борадиган педагог ходимлар, тарбиячилар, етакчи ва тўгарак раҳбарлари, мусиқа ўқитувчилари, кутубхоначилар учун вилоят педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида режа жадвал асосида уч кунлик ўқувлар ташкил этилди, -дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси З.Неъматова.- Шунингдек, оромгоҳларда бадиий-ижодий, техник, экологик ҳамда спорт тўгараклари фаолияти намунавийлиги, инглиз тили тўгараклари сифатлилигини эътиборга олганмиз. Бу борада кундузги оромгоҳларда ҳам инглиз тилидан дарс берувчи малакали ёш ўқитувчилардан иборат тарбиячилар рўйхати шакллантирилди.

IMG_9409

           Биламизки, мавсум қизиқарли, эсда қоларли ўтиши етакчилар билан боғлиқ. улар фаолиятига кўмак сифатида вилоят «Камолот» ЁИҲ кенгаши томонидан амалий кўмак ва кўрсатмалар берилмоқда. Хусусан, улар томонидан оромгоҳ кичик гуруҳлари учун қизиқарли номлар, шиорлар танланишида, қолаверса,  бўлиб ўтадиган тадбирлар учун сценарийлар ишлаб чиқилиб, етакчиларга тақдим этилди.

           Ўқув-семинар давомида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бошқармаси, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўлими вакилларининг слайд  ва видео роликлари томоша қилиниб,  тегишли кўрсатмалар олинди.

          – Ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари раҳбарлари ва ходимлари ўз масъулият ва  бурчларини тўла ҳис этадилар ва амалга оширадилар. Уларнинг кўпчилиги бу борада катта тажриба ва маҳоратга эга.  Жиззах вилояти Зомин туманида жойлашган «Гулистон» оромгоҳига ўтган йилда талаб кўп бўлганлиги туфайли 6 сидра ташкил этилганлиги болажонларнинг оромгоҳда дам олишга бўлган иштиёқлари баланд эканлигидан даракдир. Шунингдек, вилоятнинг “Сирдарё”  оромгоҳи ҳам ишлари намунали ташкил этилган оромгоҳлар сирасига киради, оромгоҳ икки йилдан буён «намунали оромгоҳ» номинациясида ғолиб бўлганлигининг ўзиёқ юқоридаги гапимнинг исботидир, – дейди ВКУТБ Кенгаши раиси ўринбосари Қ.Эшназаров. – Шу билан бирга уларнинг ҳар бирига ўтган йилда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, болажонларнинг ёзги ҳордиқларини янада юқори даражада ташкил этиш учун аниқ кўрсатмалар берилди.

           Ўқув-семинарида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси К.Оқбўтаев иштирок этди ва оромгоҳлар раҳбарларига аниқ кўрсатма ва топшириқлар берди. Шунингдек, семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

           – Оромгоҳимизда болажонлар яйраб дам олишлари, сифатли таомлар тановвул қилишлари, ўзлари севган спорт турлари билан шуғулланишлари, тўгаракларда иштирок этишлари учун катта тайёргарликлар кўряпмиз. Ўтган йилда дам олиш уч сидра ташкил этилган эди, бу йил ота-оналарнинг талабларига кўра 4 сидра ташкил этишни мўлжаллаяпмиз. Бунинг учун имкониятларимиз етарли, – дейди биз билан суҳбатда «Сирдарё» оромгоҳи раҳбари Мурод Аллаёров.

           Мустақил диёримизда болаларнинг соғлом, ҳар томонлама баркамол вояга етишлари давлатимизнинг алоҳида эътиборида. Уларнинг ўқиб-ўрганишлари, ҳатто, дам олишларига  ҳам ҳукумат  даражасида ғамхўрлик қилинади. Демак, озод Ўзбекистоннинг бахтли болалари бу йил ҳам ёзни аъло даражада ўтказишади.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!