АСАЛАРИЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШДАГИ ТАДБИРЛАР

Бугунги кунда юртимизда кўп асал берадиган маҳаллий зотли асаларилар билан бирга “Ўрта рус”, “Кулранг Кавказ тоғ асалариси”, “Карпат” зотли асаларилар ва бошқа жойдан келтирилган “Италия” зотли асалари ҳамда Австриядан келтирилган “Краинка” асалари зотлари тарқалган.

Асалари уяларини қисқартириш, озиқлантириш ва яхши қаров билан қулай шароит яратилганда асалари оилаларида ёш асалариларни тез етилишига имкон туғилади. Кунига кўплаб ёш асаларилар дунёга келади ва март ойининг ўртаси ва охирига қадар қишловдан чиққан асаларилар тўлиқ алмашади. Бу вақт давомида асаларизорда оилаларни навбат билан кўздан кечириб туриш, зарур ҳолатларда, асаларилар сони кўпайиб туриш зарур.

Шундай пайтда кучсиз асалари оилаларига биттадан ром ва кучли оилаларга эса иккитадан бўш ва сифатли асалари роми бериш мақсадлидир. Илк бор уяни кенгайтиришда яхшиси ромларни тўсқич тахта олди ва наслли ромлар ўртасига жойлаш зарур, бундай ҳолда улар уядаги наслли ромлар қисмини бўлиб қўймайди ва ҳароратнинг тушиб кетишига сабаб бўлмайди. Кейинги бор кенгайтирганингизда эса оиланинг аниқ аҳволидан келиб чиқиб, икки ва ундан ортиқ ромлардан қўшиш мумкин. Баъзи асаларилар ўрик ва олмазорлар қийғос гуллаган паллада янги мумпардали ромлар қўядилар ва шу даврда улар бир – иккитадан янги ромлар қуриб ҳам оладилар. Бунинг учун оила кучли, ёш асаларилар сони озуқа заҳираси етарли бўлиши керак.

Қулай об-ҳаво шароитида ўрик ва олмадан асал олиш бир килограмм ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Асалариларни гул ширасини жойлаш учун зарурий ромлар билан таъминлаш даркор. Айнан шу боис уядаги тўсқич тахта ортига 1-2 та бўш ром ёки оз асалли рамкалар қўйиш тавсия этилади. Бундай рамкалар асаларилар томонидан тез тозаланади ва гулчанг, шира жойлаштириш учун фойдаланади. Шу даврда асаларичи уяни кенгайтиришга улгурмай қолган тақдирда ҳам, она асалари тўсқич тахта ортига ўтиб тухум қўйишни давом эттираверади.

Айнан шу даврда асаларизорда она асалариларни мустақил равишда сунъий усулда чиқариш режалаштирилаётган бўлса, бўлғуси ёш асалари оилалари ва тарбияловчи оилалар тўғрисида қайғуриш керак.

Сунъий усулда она асалари етиштиришда шошилмасдан асалари личинкалари олинадиган оилаларни кузатинг ва об-ҳаво қандай келишини ўрганинг. Фақат эркак асаларилар сони етарли миқдорда бўлгандагина бу ишга киришинг. Бу эркак асаларилар дунёга келганининг иккинчи ҳафтасида унинг жинсий етилишига боғлиқдир.

Одатда она асалари ўз ҳаётида бир маротаба ва бирваракайига бир нечта (7-10) эркак асаларилар билан урчийди ва уруғ унинг сперматекасида йиғилади. Асаларизордаги эркак асалариларнинг фаровонлиги ва етарлилиги она асалариларнинг сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Асаларизорда уруғланган она асалари олишнинг оптимал даври эркак асалариларнинг миқдорига боғлиқ. Ўзбекистон ҳудудларида бу жараён асосан апрелнинг иккинчи – учинчи ўн кунликларига тўғри келади.

Асаларизорда ёш она асалариларни эркак асалари билан бирга чатиштириш учун ишлаб чиқаришда қўлланилмайдиган ва ҳатто уларни назорат қилиб бўлмайдиган даражада очиқ соф ҳавода бир неча километр баландликда содир бўлади, ёки бўлмаса урчитиш мақсадида сунъий уруғлантириш усулларини қўллаш мумкин. Бунинг учун энг кичик оилачаларни нуклеус ва микронуклеусларни шаккллантириш мумкин.

Асалари оиласини озиқлантириш

Баҳорги давр учун асосийси – оилани озуқа билан таъминлашдир. Хомаки ҳисоб шундай бўлиши керак, битта рамкадаги асалари наслини ўстириш учун битта асал озуқали ром бўлиши лозим. Шунда ҳам об-ҳаво яхши бўлиб, асаларилар ўзларига керакли бўлган озуқани илк гулчанг ва шира берувчи ўсимликлардан йиғиб олишса мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда асалариларга кўмаклашиб юборишга тўғри келади. Асаларилар учишга имкон тополмайдиган совуқ кунларда уларга рамка устидан асал озуқаси бериб турилади. Мабода об-ҳаво қулай келиб, асалариларнинг фаол учишларига имкон бериб турса, дарахтлар гуллагунга қадар суюқ шакар шарбати бериш мумкин. Кундалик шакар шарбати (ҳар куни ёки кун ора) бир меъёрдаги озуқа таъминоти (илюзиясини) таасуротини вужудга келтириб, она асаларини тухум қўйишга фаолроқ кириштиради. Оилада озуқа етарли бўлган тақдирда 100-150 грамм миқдорида шарбат берилади, озуқа захираси оз бўлганда унинг миқдори кўпайтирилади. Шакар шарбати оз-моз нордонроқ бўлгани маъқул. ( 10 килограмм шакарга 3 грамм сирка). Аммо шуни эсда тутиш лозимки, шакар шарбатини ишлашда асаларилар кўп куч сарфлайди ва унинг умри қисқаради.

Асалари оиласида ёш асалари наслининг миқдори кўп бўлганда, асаларилар сувга кўпроқ эҳтиёж сезади. Шунда асаларизордаги сувдонга қайнатилган илиқ сув солиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун оддий самоварлардан фойдаланиш мумкин. Бундай самоварларни кунига бир маротаба сув солиб, озгина олов билан сувни иситиш мумкин. Бундай илиқ сув кун бўйи асалариларни таъминлаши мумкин. Ҳатто совуқ ҳароратда ҳам асаларилар сувдонга қўниб, илиқ, шўрланган сувдан сувланиб олгач, исинади ва уясига бемалол етиб олади. Бундай сувдонда илиқ сув бўлмаган тақдирда, айниқса, такрорий совуқларда асаларилар бошқа манбаалар: ариқ, кўлмак ва ҳакозалардан сув олишга мажбур бўлади. Совуқ сув таъсирида асалари совуқ қотиб нобуд бўлиши мумкин.

Асалари оиласини парвариш қилаётганингизда, даладан яхшигина шира келаётган бўлса, янги берилган мумпардали рамкаларни бир кунда тўқийди. Уядаги рамкаларни устки қисми оқариб кетади, ҳатто уядаги рамкалар устидаги сурп-матони ҳам мум билан ёпиштириб ташлайди, шунда уларни рамкалар устидан зўрға кўтариб олиш мумкин. Бу белгилар, асал тортиш даври бошланишини билдиради.

Уядан асалли рамкаларни олишдан олдин, тутатгич асбоби билан асалари уясига бир оз тутун киритилади. Сўнгра асалли рамкалар олинади. Бунда очиқ наслли рамкалар олинмайди ва она асалари оҳисталик билан бошқа рамкага олиб қўйилади.

Асалли рамкалар устидаги мум қопқоқчалар, ўткир ва иссиқ пичоқ ёрдамида кесиб олинади. Бундай рамкалардаги асал махсус асбоб асалторткич ёрдамида ажратиб олинади. Асали олинган рамкаларга бир оз сув сепиб, асалари оиласига берилса, уни асаларилар тез ва осон тозалаб қўяди.

Асал тортиш мавсуми йил давомида 2-3 маротаба, айрим йилларда эса ундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Асал тортиш мавсуми тугагач, асалари оиласини қишловга тайёрланади. Бунинг учун қишловга кетадиган асалари оилаларига кўп миқдорда ёш асаларилар бўлиши таъминланади ва ҳар бир асалари оиласига қишлов учун, унинг кучига қараб 10-15 кг гача сифатли озуқа асал қолдириш лозим.

Қишловга кетадиган асалари уясидаги рамкаларнинг устига ва ён томонида иситиш ёстуқчалари билан ўраб қўйилади. Асалари қутисидаги устки ва остки учиш туйнуклари ҳажми битта асалари қириб чиқадиган даражада, торайтириб қўйилади. Қишлов даврида онда-сонда қелиб, қишлов қандай ўтишини текшириб турилади.

Асалари оиласининг асал бериш миқдори ва сифати турли омилларга боғлиқ. Умуман олганда битта асалари оиласи ўртача 15-20 кг гача асал бера олади. Агар асалари оиласи тўғри парваришанса ва қаралса, ундан ҳам кўп асал олиш мумкин.  Бозорларимизда 1 кг тоза асалнинг нархи 30-35 минг сўмлигини инобатга олинса, асаларичилик кўп маблағ талаб қилинмайдиган ва яхши даромадли соҳа ҳисобланади.

Асалари касалликлари ва уларни олдини олиш

Асаларининг касалликлари ҳар хил бўлади. Уларни икки гуруҳга; юқумли ва юқумсиз касалликларга бўлиш мумкин.

Асалари касалликларининг олдини олишнинг энг асосий йўлларидан бири – бақувват оилаларнинг яхши, зооветеринария қоидаларига асосан ҳар йили барча асалари оилаларини ветеринария врачи кўригидан ўтказиш ва асалариларга баҳорда антибиотик дорилар қўшилган қўшимча озиқалар беришдир. Асалариларни нормал боқиш тадбирлари кўрилган жойларда асаларилар жуда кам касалланади.

Оилани кўздан кечиришда ромларнинг ифлосланишига эьтибор қаратиш керак. Агар уя жуда ифлосланган бўлса, оилани янги ёки дезинфекцияланган уяга кўчирилади.

Баҳор ҳавоси паст ва жуда ўзгарувчанлиги сабабли, уянинг асосий насл жойлашган қисмида доимий юқори хароратни сақлаб туриш учун асаларилар кўп куч ва озуқа сарфлайди. Шунинг учун баҳорда оиладаги асаларилар тўлиқ, эгаллаган ромларни қолдириш ва тўсқич ортига заҳира сифатида 1-2 ром асал қўйиш тавсия этилади. Иситиш ёстиқчалари ромлар устини тўлиқ қоплаб, уя деворларига зич тегиб туриши керак. Оилаларни тўлиқ кўздан кечириш ва уяни тафтишдан ўтказишни соядаги ҳарорат 12°С дан кам бўлмаганда амалга ошириш лозим. Совуқ ва шабада эсган пайтда кўздан кечириш уянинг совуб қолишига олиб келиши мумкин.

Print Friendly, PDF & Email