Click to listen highlighted text!

ҚЎШ УСТУНЛИ АЙВОН

        Яқинда  вилоятимизда бўлиб ўтган тадбирларннинг бирида янгиерлик бир оила соҳибаси билан оила мустаҳкамлиги нимага боғлиқлиги ҳақида  гаплашиб  қолдим.  Суҳбатдошимнинг  келинларини алқаб гапириши эътиборимни тортди.

           Боймирзаевлар оиласини маҳалласида жуда ҳурмат қилишар, уларни барчага намуна  қилиб  кўрсатишар экан. Оила соҳибаси Гулнора Боймирзаева Янгиер шаҳар ҳокимлигида  масъулиятли вазифада ишлайди. Оила  бошлиғи Абдумўмин ака  қурилиш  касб-ҳунар коллежида  бўлим бошлиғи  бўлиб ишлар экан. Оила соҳиблари 3 фарзанд – икки ўғил ва  бир қизни  билимли, меҳнатсевар қилиб вояга етказишибди.

               Хонадонга келин тушган.  Ўғли Хуршид ва  келини Нигора инглиз тили ўқитувчилари. Хуршид Янгиердаги коммунал қурилиш касб –ҳунар коллежида, Нигора эса шаҳардаги 3- умумтьаълим мактабида инглиз тилидан дарс беришади. Икки нафар фарзанди бор. Қизи Севаранинг касби ҳам  педагог, бошланғич синф ўқитувчиси. Икки нафар фарзанднинг онаси.

               Иккинчи ўғил Дилшод  тадбиркорликни танлаган.

        Яқинда халқаро Оила куни муносабати билан бўлиб ўтган бир тадбирда Нигора турмуш ўртоғи билан бирга  иштирок этиб,   пазандалик( балиқдан таом тайёрлаш) бўйича номинация ғолиби бўлишди. Ана шу тадбир чоғида биз  мазкур оила аъзолари билан суҳбатлашдик.

        -Келиним чаққон,  пазанда, ширинсўз,  оилада ўз  ўрни бор, уни қизимдай кўраман, ҳаммамиз аҳил яшаймиз,  икки  қизалоқ набираларим  Муниса ва Наргиза хонадонимиз қувончи, – дейди Гулнора Боймирзаева. –  Ўғлим ва келиним ўз касбларини жуда суйишади. Мактабда ва коллежда уларни ҳурмат  қилишади. Фарзандларига ҳам инглиз тилини ўргатишмоқда.

        Қайнона ва  келинларнинг аҳил яшашлари аввало қайноналарга боғлиқ, деб ўйлайман. Чунки ўзга  хонадонда вояга етган қиз бировнинг оиласига келганда худди  янги  экилган ниҳолдек бўлади. Ниҳолнинг униб-ўсиши учун унга меҳр  керак.  Шу меҳрни қайнона берса, уни ўз фарзандидек кўрса, авайласа, билмаганини ўргатиб, билганини оширса, тайёрлаган таомларини мақтаб-мақтаб еса, келиннинг ҳам янги оила аъзоларига  ҳурмати ошиб бораверади. Агар қайнона  унинг ишида камчилик  топса астагина ўзига ётиғи билан тушунтирса, келин ҳам буни тўғри қабул  қилиб, янги жойга тез кўникади. Акси бўлса, меҳр ва ҳурмат йўқолиб бораверади.

         Мен келинимдан хурсандман, ширинсўз, жуда чаққон ва пазанда. Ишдан бўш пайтида турли таомлар, мазали пишириқлар тайёрлайди. Ҳар куни нонуштага бирор тансиқ нарса пишириб, дастурхонга қўймаса кўнгли жойига тушмайди.

         Гулнора Боймирзаева  Маърифат маҳалласидаги фаол аёллардан бири. 2007 йилдан 2013  йилгача шу маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаб,  обрў – эътибор қозонди. Маҳалладошларининг қувончу ташвишларига шерик, ибратли ва хайрли  ишларга бош-қош бўлди. Қўни-қўшнилар билан аҳил, тўю тантаналари,  қайғули кунларида ҳамнафас бўлади.

         Ҳар куни ишдан қайтгач,  ширин-шакар набираларини бағрига босаркан, барча  чарчоқларини унутиб,  шундай  гўзал ҳаётга, ширин турмушига шукрона айтади. Ўзаро меҳр-оқибат, илиқлик шамчироқ каби  хонадонни ёритиб туради.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!