Click to listen highlighted text!

1-июнь –Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни олдидан БУХОРОИ ШАРИФГА САЁҲАТ

       “Соғлом она ва бола йили” дастури доирасида Сирдарё вилояти меҳнаткашлари ва уларнинг фарзандларини турли туристик саёҳатлари ташкил этилмоқда.

       Хусусан, яқинда Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси АЖ нинг туман ва шаҳар бўлимлари ишчи-ходимларидан 50 нафари ва уларнинг фарзандлари Бухоро шаҳрига ташриф буюришди.

       – Мен ушбу корхонанинг Гулистон шаҳар бўлимида  телефонистка вазифасида 20 йилдан ошиқ  фаолият юритдим, – дейди биз билан суҳбатда Насиба Дуйметова. – Кейинги йилларда касаба уюшмалари томонидан бизга кўрсатилаётган иззат-икромдан бошимиз кўкка етди. Ўтган йилда “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан фахрийлар қаторида Самарқанд шаҳрини зиёрат қилиб келгандик. Мана бу йил ҳам  ҳамкасб дугоналарим ва уларнинг фарзандлари  билан Бухорои Шарифни зиёрат қилиш насиб этди. Қувонарлиси,   саёҳатга қизим Рухшонани ҳам таклиф этишди.

        – Энергетика ходимлари касаба уюшмасига қарашли бошланғич ташкилотимиз  11 та цех ташкилотини ўзида бирлаштирган, 1200 нафар аъзомиз мавжуд, – деди  Сирдарё ХЭТК АЖ бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шавкат Мирзабеков. – Биз ходимларимизни рағбатлантириш ва кўнгилли ҳордиқ чикаришлари масаласига ҳамиша алоҳида эътибор билан қараймиз. “Соғлом она ва бола йили”нинг дастлабки ойлариданоқ 28 нафар аъзомиз Чимён дам олиш масканида ҳордиқ чиқариб қайтдилар. Меҳнат жамоамиз билан 8-Март-Халқаро хотин-қизлар  ҳамда Наврўз –умумхалқ байрамларини кенг нишонладик. Фахрийларни таклиф қилдик. Кам таъминланган оилаларга моддий кўмак ва касаба уюшма қўмитасининг совғаларини тақдим этдик. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида Бухоро шаҳрига туристик саёҳат ташкил этдик. Шу билан бирга кам таъминланган оилалар ва боқувчиси йўқотган оилаларнинг 30 нафар фарзандига “Сирдарё” болаларни ёзги соғломлаштириш  оромгоҳига, яна 50 нафар ўғил-қизимизга  Зомин туманида жойлашган “Гулистон” болаларни ёзги соғломлаштириш оромгоҳига бепул йўлланмалар олиб бердик.

       Ҳар йили Сирдарё вилоятида 1 июнь-Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида “Касаба уюшмаси-болаларга” акцияси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилади. 1 июнь куни тармоқларга тегишли бошланғич ташкилотлари томонидан  Гулистон маданият ва истироҳат боғига мингга яқин кам таъминланган оилалар фарзандлари, шунингдек, “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчилари ташрифи ташкил этилади. Шу куни аттракционлар бепул хизмат кўрсатишади, болажонларга ҳомий ташкилотларнинг совғалари тарқатилади.

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!