Click to listen highlighted text!

БИЗ СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРАФДОРИМИЗ!

      Гулистон шаҳрининг муҳташам “Алпомиш” спорт мажмуасида “Спорт-саломатлик гарови” шиори остидаги оммавий спартакиаданинг якуний вилоят босқичи бўлиб ўтди. Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ташкил этилган мусобақалар  январ –март ойларида уч босқичда ўтказилиб, унда қарийб 2000 нафар ҳаваскор спортчилар иштирок этишди.  Спартакиаданинг якуний босқичида 236 нафар иштирокчилар спортнинг олти тури бўйича ўзаро баҳслашишди.

      -Ҳар йили ўтказиладиган спартакиадалар қизғин ташкил этилиб, байрамона кайфиятда ўтмоқда, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров. – Эътиборлиси, бу йилги қатнашчилар орасида  касаба уюшмаси  спорт тадбирларида  доимий равишда фаол қатнашиб келаётган спортсеварлар ҳам кўпчиликни ташкил этди. Бу касаба уюшмаларининг ҳудуддаги меҳнаткашларни спортга  кенг жалб қилиш, соғлом турмуш тарзига одатлантириш каби мақсадларга эришаётганининг ифодасидир.

      -Умумжамоа ҳисобида биринчиликни қўлга киритдик, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон  туман кенгаши раиси Ўсарқул Усанов. – Эришган натижамиз  мусобақаларга пухта ҳозирлик кўрганимиз ва қуйи босқичларда ҳаваскор спортчиларни кенг жалб қилганимизда, деб ҳисоблаймиз.

       Якуний натижаларга кўра волейбол мусобақаларида  “Сирдарё  ИЭС” АЖ қизлари жамоасининг қўли баланд келди. Шахмат бўйича эркаклар ва аёллар  баҳсларида Гулистон тумани вакиллари Муҳиддин Бийболаев ва Ирода Алишеровалар ғолиб бўлишди. Қизиқарли шашка баҳсларида Бекмурод Тожиев ва Нигора Эржигитовалар ғолиб деб топилдилар. Бадминтон мусобақаларида эркаклар ўртасида ховослик Жавоҳир Қаюмов, аёллар ўртасида Гулистон шаҳар вакиласи Шаҳноза Боймуродовалар биринчиликни эгаллашди. Сузиш мусобақаларида яна энергетиклар вакили Дилшод Муротов ва Гулистон тумани вакиласи Раҳима Маматовалар барчани ортда қолдириб, маррага биринчи бўлиб етиб келишди. Тезкор стол тенниси мусобақаларида “Гулистон Нефтбазаси”  унитар корхонаси ишчиси Камол Худойбердиев ва  “Сирдарё ИЭС” АЖ ишчиси Гулзора Турдиматоваларнинг қўли баланд келди.

         – Касаба уюшма тадбирларида кўп йиллардан буён қатнашиб келаман, -дейди  “Сирдарё ИЭС” АЖ юк қабул қилиш бўлими ишчиси Гулзора Турдиматова.- Ўтган  йилги мусобақаларда ҳам совриндор бўлганман. Бугун спортнинг  стол тенниси тури бўйича баҳсларга киришиб, биринчи ўрин соҳибаси бўлдим.  Тан олиш керак, бу осон бўлмади. Бошқа туман ва шаҳарлардан келган теннисчи аёллар ҳам ушбу тадбирга алоҳида тайёргарлик кўриб келгани ўйин давомида сезилди. Тўғрисини айтсам, спартакиадалар ўтказиладиган кунлар мен учун байрам кунларига айланган.

         Мусобақанинг тақдирлаш маросимида фахрли 1-2-3 ўрин соҳибларига, шунингдек, “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг маҳоратли ҳаваскор спортчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг ёш иштирокчи” номинациялари бўйича ҳам ғолибларга касаба уюшмаларининг дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди .

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!