Click to listen highlighted text!

БЕШБУЛОҚЛИКЛАР ДЕЯРЛИ МАРРАДА

            Шу кунларда Сирдарё тумани фермерларига жами 100 та ҳашарчилар отрядлари кўмакка келган. Ҳар бир СИУ ҳудудида 4-5 тадан уюшмаган аҳолидан ташкил топган отрядлар не машаққатлар билан етиштирилган “оқ олтин” ҳосилини йиғиб-териб олишда фаол қатнашиб, жасорат кўрсатмоқдалар.
Мисол учун, тумандаги Малик СИУ ҳудудидаги Бешбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи уюшмаган аҳолидан 400 нафари 4 та отрядга бирлашган, шулар қаторида “Фидойи аёллар” гуруҳи ҳам бор. Унга меҳнат фахрийси Оминахон Акбарова бошчилик қиляптилар. Ёнларида худди шундай меҳнат фахрийси, аммо ғайрати жўшиб, ёшларга ўрнак бўлаётган Жамилахон Аҳмадқулова ҳам борлар. Бундай ватанпарвар, жасоратли онахонларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
– Илғор теримчиларимиз ҳам асосан, аёллардир, – дея қўшимча қилади суҳбатимизни тинглаб турган Бешбулоқ МФЙ раиси Зокиржон Муқумов. – Бу йилги мавсумда чевар теримчи Ҳилола Баротованинг олдига тушадигани топилмаяпти. Ҳилолага қайнонаси Саёҳат ва қайнотаси Шерали Алимовлар мадад беришмоқда. Бу меҳнатсевар оила кунига энг ками 180, кўпи 240 килограммдан “оқ олтин”ни йиғиб-териб олишмоқда. Албатта, уларнинг меҳнати муносиб тақдирланяпти. Уларга кунига терган пахтаси учун нақд пулдан ташқари ун, ёғ маҳсулоти, шунингдек, ҳокимият ва ҳомий ташкилотларнинг совғалари ҳам топширилмоқда. Мана куни кеча Ҳилола Баротова вилоят ҳокимининг совғаси – “Артель” русумли телевимзорни қабул қилиб олди. Бундан руҳланган теримчиларимиз терим суръатини янада жадаллаштиришмоқда.
Серғайрат теримчилар Махфират Элмуродова, Анорхол Рўзиқулова, Мукаррам Қурбоналиева, Муқаддас Тошбоева ва бошқалар ҳам Ҳилола Баротовадан ортда қолмасликка интиляптилар, ҳашарчилар кунига 40-45 тонна ҳосил хирмонга тўкишяпти. Айтиш жоизки, ҳудудимизда 23 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, 473 гектар ер майдонида пахта етиштирилган. Кўзланган режа -1525 тонна, бугунги кунда кўплашиб-кўмаклашиб режанинг 94 фоизини бажариб қўйдик. Об-ҳаво шундай қарашиб турса, нари борса 4-5 кунда бор ҳосилни йиғиштириб олинади. Бешбулоқликлар деярли маррада.

 

                                                                                              Муборак Элмуродова,Бешбулоқ МФЙ диний маърифат                                                                                                                  ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!