Click to listen highlighted text!

КАСАБА УЮШМАСИ СПОРТДА ПЕШҚАДАМЛАРИ АНИҚЛАНДИ

           Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида “Спорт- саломатлик гарови” номли саломатлик спартакиадасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бошчилигида ўтказилган мусобақаларнинг дастлабки босқичлари корхона, ташкилотлар, туман ва шаҳарларда бўлиб ўтди. Касаба уюшмалари тизимидаги мавжуд 6 та тармоқнинг жами 2 минг 500 нафардан зиёд ходимлари спорт беллашувларида иштирок этишди. Ҳаваскор спортсеварлар стол тенниси, бадминтон, шахмат ва шашка турларида ўзаро баҳслашишди.
– Касаба уюшмаси спорт тадбирларида доимий қатнашиб келганман. Бу йил илк бор биринчи ўринга сазовор бўлдим, -дейди Боёвут тумани 27 – умумтаълим мактаби ўқитувчиси Муножот Умматова. – Ёшликдан шашкада дона суриб келаман. Сўнгги пайтларда андроид иловада машқ қилардим. Шу сабабми, аввалги мусобақа ғолиби билан беллашишимга қарамай ғолиб бўлдим.


– Стол теннисига қизиқишим туфайли доимий уйда фарзандларим билан ўйнаб тураман, – дейди мусобақа ғолиби Ховос тумани ахборот ресурс маркази раҳбари Бегзод Ҳайдаров. – Спартакиадаларда кўп маротаба иштирок этганман. Бу йилги баҳслар ҳам юқори кайфиятда ўтди.
Шунингдек, мусобақа қатнашчилари турли номинациялар билан ҳам тақдирланишди.

            – 52 йилдан буён меҳнат жараёнидаман. Шу йиллар давомида касаба уюшмаси томонидан ўтказиб келинаётган турли тадбирларда қатнашиб келаман, – дейди “Энг ёши улуғ иштирокчи” номинация ғолиби Гулистон туманилик Шерали Сайдалиев. – Ёшим 78 да, бугунги тадбир чинакам хордиқ бўлди.
Қизғин мусобақа натижаларига кўра стол тенниси баҳсида аёллар ўртасида Нафосат Мирзаева ва эркаклар ўртасида Бегзод Ҳайдаровларнинг қўли баланд келди.
Спортнинг Бадминтон турида Малика Маманазарова ва Лазиз Ҳамидовлар чаққонлиги устун келди.
Қизиқарли шашка беллашувида Муножот Умматова ҳамда Тўйчи Абдуллаевлар биринчиликни қўлга киритишди.
Шахмат баҳсларида Нодира Абдуллаева ҳамда Отабек Хайлаевлар қўллари баланд келди.
Тадбир якунида вилоят бадиий гимнастика иштирокчилари иштирокида бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!