Click to listen highlighted text!

МАДҲИНГНИ КУЙЛАЙМАН, ВАТАН!

         Ўзбекистон Республикасининг 25 йиллиги олдидан вилоятимиз бўйлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

         Шундай тадбирлардан бири яқинда  Гулистон шаҳридаги “Ёшлик” марказий ўйингоҳида бўлиб ўтди.

         “Мадҳингни куйлайман, Ватан!” деб номланган гала-концертга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги мингдан ошиқ ташкилотлардан 15 минг нафарга яқин ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари  ташриф буюрдилар.

         Концерт дастурини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура Йўлдошева ўзининг дилтортар қўшиқлари билан бошлаб берди. Томошабинлар,  шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Илоҳом Фармонов, Собиржон Мўминов,  Оғабек Собиров, Ўлмас Оллаберганов, Наргиза Азимова,  “Ниҳол”мукофоти совриндори Сардор Раҳимхон, ёш қўшиқчи Мухлис Бердиев ва бошқаларнинг чиқишларини олқишлар билан кутиб олдилар. Ватан, онага бағишланган, муҳаббат оҳанглари билан тўлиб-тошган шўх тароналар остида томошабинлар рақсларга тушдилар. Ўзбекистонимиз ҳақидаги қўшиқларга ўйингоҳда ўтирган барча жўр бўлишди.

  • Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз олдидан ташкил этилган ушбу тадбирга оиламиз аъзолари билан биргаликда ташриф буюрдик, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси иқтисодчиси Икром Худойбердиев. –Бу ерга ташриф буюрганлар, асосан, касаба уюшмалари аъзолари ва уларнинг оила аъзолари бўлиб, бу концерт дастури ҳаммамизнинг кайфиятимизга хушнудлик бағишлаб, фаолиятимиз самарадорлигига ўз ҳиссасини қўшади. Мен оила аъзоларимиз номидан концерт ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

 

 

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!