ИШБИЛАРМОН АЁЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЛОЙИҲАСИ
Юртбошимиз раҳнамолигида ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ишбилармон аёлларга кенг имкониятлар яратиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Бу борада Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, ташаббускор, тадбиркор ва фермер хотин-қизлар ўртасида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қўшма қарори алоҳида аҳамиятга эгадир.
-Кўрик-танловнинг асосий мақсадлари- ҳудудларда хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликни жадал ривожлантиришини рағбатлантириш, мамлакат иқтисодиётида хотин-қизлар иштирокидаги хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини ошириш, тадбиркорлик ривожида аёлларнинг иштирокини янада кучайтиришни қўллаб-қувватлаш, жамиятда хотин-қизлар тадбиркорлигининг касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарурий шарт-шароит яратиш ҳамда хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, улар раҳбарлик қилаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги хўжалик алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашишдан иборатдир, – дейди Ўзбекистон Либерал Демократик партияси вилоят бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича раис ўринбосари Покиза Ахмеджонова. – Шу боисдан биз ҳар бир туман-шаҳардан ғайратли, ташаббускор ва ишбилармон аёл-қизларимизни ушбу тадбирга жалб қилдик. Ушбу танловнинг дастлабки босқичлари туман ва шаҳарларда ўтказилиб, вилоят босқичида саралаб олинган 10 нафар ишбилармон аёллар иштирок этдилар.
Дастлаб ҳакамлар ҳайъати тадбиркор ва фермер аёллар томонидан ташкил этилган кўргазмаларни кўрикдан ўтказдилар. Шундан сўнг ҳар бир иштирокчи ўзининг тадбиркорлик соҳасида, сиёсий ва ҳуқуқий билимларини намойиш этди. Тадбиркорлик йўлида учраши мумкин бўлган тўсиқ ва ғовларни қандай бартараф этиш, муаммоларни ечиш йўллари ҳақида гапириб бериш билан бирга, мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган Фармон ва қарорлар ҳақида сўзлаб бердилар.
Ҳакамлар ҳайъати уларнинг билим ва кўникмаларини, эришган ютуқларини, маҳсулотларининг харидоргирлиги, кўрсатаётган хизмати сифати, шу билан биргаликда аёллар учун яратилган иш ўринлари сони ва бошқа жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда баҳолаб чиқди.
-Шуни ҳам айтиш жоизки, уларнинг ҳар бирининг фаолияти эътирофга лойиқ, уларнинг шижоатига ҳар қандай эркак ҳавас қилса арзигулик, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Бобур Раҳимов. – Албатта, уларнинг орасидан энг муносибини саралаб олиш жараёни осон кечмади.
Кўрик-танлов сўнгида номинация ғолиблари ва фахрли 1-2-3 ўринларни эгаллаган ишбилармон аёлларга ҳомий ташкилотларнинг дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбир иштирокчиларидан Боёвут туманидан иштирок этган ҳунарманд Роҳила Каримова “Энг ташаббускор аёл”, Мирзаобод туманилик Зарифа Эшназарова “Энг замонавий аёл”, Оқолтин туманилик Одинахон Маматқулова “Энг мурувватли аёл”, Ховос туманилик Феруза Норматова “Энг кўп коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаган аёл” номинациялари бўйича ғолиб деб топилиб, уларга дипломлар ва эсдалик совғалар тақдим этилди. Танловда Сайхунободлик тадбиркор аёл Шоира Шаматова 3-ўринни, Гулистон шаҳрилик Маъмура Жамолова 2-ўринни, Янгиер шаҳрилик Гулчеҳра Жонжигитова 1-ўринни эгаллади. Олий ўринга Сирдарё туманилик “Наслли кумуш курка” кўп тармоқли фермер хўжалиги раиси Феруза Нишонова муносиб деб топилди. Уларга ҳомий ташкилотларнинг дипломлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тпоширилди. Энди Ф.Нишонова кўрик-танловнинг республика босқичида вилоятимиз шаънини ҳимоя қилади.
Зебо Ҳайдарова.