ИШЧИ-ХОДИМЛАР МАНФААТЛАРИ ИФОДАСИ
Яқинда “Оқолтиндон маҳсулотлари” акционерлик жамиятининг фаоллар залида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан ишчи-ходимлар, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ҳамда касаба уюшмалари фаолиятига доир бошқа масалалар юзасидан семинар ўтказилди.
Дастлаб иштирокчиларни бирлашма ташкилий ишлар бўлими мудири Бахтиёр Хайдаровнинг касаба уюшмалари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда мақсади билан батафсил таништирди.
Сўнгра семинар кун тартибидаги меҳнатни муҳофаза қилишга оид масалалар юзасидан бирлашма меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Бозорбой Исматов сўз олиб, мазкур масала юзасидан семинар қатнашчиларига тушунчалар берди.
Шунингдек, “ОқолтинДон маҳсулотлари”акциядорлик жамияти касаба уюшмаси аъзолари бирлашма юридик бўлими етакчи юрисконсульти Санжар Тоғаевнинг меҳнатга оид муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари, бу борадаги халқаро ҳуқуқий-норматив ҳужжатларнинг мазмун -моҳияти, ёшларнинг меҳнатига оид имтиёзлар ва бошқа ҳуқуқий масалалар юзасидан маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.
Айтиш жоизки, корхона ишчи-ходимлари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволлар юзасидан тўлиқ тушунчалар олдилар.
– Бугунги тадбир бошланғич ташкилотимиз аъзоларида катта таассурот қолдирди, барчамиз ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари борасида кенг билим ва кўникмага эга бўлдик, – дейди “Оқолтиндон маҳсулотлари” АЖ бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси А.Тагаев.
Тадбир сўнггида иштирокчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг буклет шаклидаги эслатмалари тақдим этилди.
С.Тоғаев, Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси
Кенгаши юридик бўлими етакчи юрисконсульти