Click to listen highlighted text!

АЁЛ НОМИГА МУНОСИБ БЎЛСИН!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкам лаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
5325-сонли Фармони 2-бандида қуйидагилар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
биринчидан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш;
иккинчидан, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;
учинчидан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш;
тўртинчидан, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш.
Яқинда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллар залида ўтказилган тадбирда ушбу тўртта устувор йўналишнинг Гулистон шаҳри ва Гулистон туманидаги ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисоби тингланди.
Тадбирни вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова очди ва олиб борди. Тадбирда шунингдек, Гулистон шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Камол Ҳамидов, Гулистон шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Дилшод Қодиров иштирок этишди.
Дастлаб сўзга чиққан Гулистон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Тожибоева шаҳарда жиноятчиликка мойил аёллар билан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Маърузачига кўра, 2018 йил 4 ойи давомида 78 нафар жиноятчиликка мойиллиги бор аёл аниқланган, бу эса ташвишли ҳолат. Айниқса, вояга етмаган бир нафар коллеж ва мактаб ўқувчиларининг она бўлиш арафасида экани ачинарли ҳолдир. Аёлларнинг ҳар бири билан руҳшунос иштирокида индивидуал суҳбатлар олиб борилиб, муаммолар ўрганилганда, кўпинча, аёлларнинг чет элда ишлаш учун кетганлиги, эркакларнинг ишсизлиги ва ичкиликка берилганлиги туфайли нотинч оилалар фарзандларининг, айниқса, қизларнинг нотўғри йўлларга кириб кетаётганлиги, жиноятларнинг кўпи маиший жиноятлар, яъни қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан жанжал эканлиги кишини ўйга солади. Гулистон шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Дилшод Қодиров ҳам ушбуни тасдиқлаб, 2018 йилнинг 4 ойи давомида хотин-қизлар томонидан 9 та жиноят содир этилганлиги, шундан 1 таси фирибгарлик, 1таси ўзганинг мулкини талон-торож қилганлик, 1 та фоҳишахона сақлаш каби жирканч иллат ва 1 та оилавий жанжал туфайли аёл эрини пичоқлаганлиги ҳақида афсусланиб гапирди. Айниқса, одам савдоси бўйича 3 та ҳолат учраётганлиги, бу борада Араб Амирлигига сотиш учун туманлардан қизларни алдов йўли билан йиғиш, чақалоғини сотиш каби мудҳиш жиноятларга қўл урган аёлларни “аёл” деб ҳам бўлмайди.
Дилшод Қодировнинг маълумот беришича жорий йилнинг 4 ойи мобайнида вилоят бўйича хотин-қизлар тарафидан 442 та маъмурий ҳуқуқбузарлик жинояти содир этилган. Энг қизиғи, “саришта, хонадон фариштаси” аталувчи аёллар оддийгина ободонлаштириш қоидаларини бузишиб, рўйхатга тушишган. Улар тарафидан 54 та майда безориликсодир этилган. 13 нафар хотин-қизлар фоҳишалик билан шуғулланган, энг қизиғи, уларнинг кўпчилиги бошқа вилоят, туманлардан келиб, шу иш билан шуғулланишган.
Сўзга чиққан Гулистон шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Камол Ҳамидов аёллар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мавзусида гапириб, бу борада ўз тавсияларини берди.
Жиноятчиликнинг олдини олиш борасида олиб борилган ишлар самараси муҳим, – дея уқтирди вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова.
-Гулистон туманида йил бошидан буён жиноятчиликка мойил 102 нафар хотин-қизларни аниқладик, – дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Олия Турдиева. –Улар орасида фирибгарлик, ўзаро келишмовчилик ва шунга ўхшаган жиноят аломатлари учрайди.
Бу борада туманда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар намуна сифатида бошқа туман-шаҳарлар хотин-қизлар қўмитасига тавсия қилинди.

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!