Click to listen highlighted text!

25 ЙИЛЛИККА 25 ТА ИШ ЎРНИ

             Мамлакатимизда аҳолининг барча қатламини ижтимоий муҳофаза қилишга  алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу вазифа давлат органларининг  жамоат ва нодавлат, нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликида амалга оширилмоқда. Айниқса, янги иш ўринларини яратиш,  касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш вазифаси долзарб бўлиб, ушбу ишни амалга оширишда жамоат бирлашмалари ва  нодавлат ташкилотларининг ўрни беқиёсдир.

         – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги байрамига   ҳар бир соҳа вакиллари, шу жумладан, касаба уюшмалари ҳам ўзгача туҳфа билан кириб келмоқдалар. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VII қурултойида ҳар бир туман, шаҳарда касаба уюшмалари кўмагида хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, кичик корхоналар ташкил этиш, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти орқали коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида 25 тадан янги иш ўрни яратиш ташаббуси илгари сурилган эди, – дейди Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси К.Акбутаев. – Бу борада бирлашма Кенгаши томонидан муборак сана муносабати билан сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасида яратиладиган 275 та янги иш ўринларининг маҳаллалар, йўналишлар кесимидаги манзилли дастури, режа-жадвали ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси юзасидан тармоқ касаба уюшмаларидан масъул шахслар белгилаб олинган эди. Бугунги кунда вилоятдаги тармоқ касаба уюшмаларининг ташаббуслари билан ЯТТларни очиш йўли орқали 71 та, турли юридик мақомдаги 27 та корхоналар ташкил этиш ва мавжудларида янги иш ўринлари ташкил этиш орқали 77 та, жами 148 та янги иш ўринлари яратилди.  Алоҳида эътиборлиси,  иш ўринлари   ташаббускорлар ва ҳомийлик маблағлари  асосида яратилди.

            Айтиш жоизки, вилоятимизда ҳар йили 3 минг нафардан ошиқ йигит-қизлар ўрта-махсус касб-ҳунар коллежларини битиради, ушбу ёш йигит-қизларнинг кўпчилиги ишга жойлашиб, ўз бизнесини очиб, касаба уюшма аъзолигига қабул қилинади.

            –Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо хизмати ходимлари касаба уюшмалари томонидан тақдим этилган 500 минг сўм кредит эвазига уйимдан мўъжазгина сартарошхона очдим,  – дейди  Боёвут туманидаги Бобоюрт МФЙда истиқомат қилувчи Ш.Каримов. – Ушбу пулга бирламчи керакли жиҳозлар сотиб олдим ва фаолиятимни бошлаб юбордим. Маҳаллада эркаклар сартарошхонаси  очилганлиги маҳалладошларим учун қулайлик туғдирган бўлса, менинг бизнес соҳасида оёққа туриб олишимга имконият яратди. Келгусида фаолиятимни янада кенгайтириб, маҳалладош йигитлардан шогирдлар олишни, хизмат турларини кўпайтиришни режа қилганман.

           Энг улуғ ва  энг азиз байрам арафасида  касаба уюшмалари ташкилотлари ўз мақсад ва вазифалари асосида фаолият олиб бориш билан бирга, Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигини ҳар бир корхона ва ташкилотда муносиб кутиб олиш ҳамда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

                            Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!