АЁЛЛАР СПОРТ ФЕСТИВАЛИ БЎЛИБ ЎТДИ
Янгиер шаҳридаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида аёллар спорт фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, маданият ва спорт ишлари, “Тадбиркор аёллар” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 220 дан зиёд хотин-қиз иштирок этди.
Фестивалда иштирок этган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Шоира Нурматова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, спортни, айниқса, хотин-қизлар спортини янада оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ушбу спорт беллашувларининг қуйи босқичларида спорт билан ошно уй бекаларидан иборат икки минг нафардан ошиқ нафар хотин-қиз иштирок этишди ва спортнинг волейбол, енгил ателика, стол тенниси, шахмат, дартс, сузиш ва гимнастрада бўйича беллашдилар. Ғолиб жамоалар Фестивалнинг вилоят босқичида спортнинг 7 та тури бўйича кураш олиб бордилар Фестивалнинг вилоят босқичида Гулистон тумани жамоаси биринчи, Сирдарё туманилик ҳаваскор спортчилар иккинчи, Ховос туманилик спортчи аёллар учинчи ўринни эгаллашди.
– Туманимизда хотин-қизлар қўмитасининг 103та бошланғич ташкилоти самарали фаолият кўрсатмоқда, – дейди Гулистон тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Муҳаббат Бўронова. – Маҳаллаларда уй бекаларимизнинг ўзлари маъқул кўрган спорт тури билан шуғулланиши учун барча шароит яратилаётир. МФЙлар диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилари бошчилигида туман марказимизда мавжуд Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби спорт йўриқчилари кўмагида хотин-қизлар учун махсус тўгараклар ишлаб турибди. Бу ишларнинг самараси ўлароқ туманимиз хотин-қизлар спорт жамоаси мана уч йилдирки, биринчиликни қўлдан бермай келмоқда. Албатта, бу ишларнинг замирида оналарнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, пировардида фарзандларимизнинг соғлом бўлишига эришишдан иборат мақсад ётибди.
-Мен Сайхунобод тумани, Истиқлол қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Ободон маҳалласидан келдим, – дейди биз билан суҳбатда 44 ёшли Маҳбуба Шомуродова. – Маҳалламиз маслаҳатчиси бошчилигида спорт жамоаси тузилаётганини эшитиб, қизиқиб қолдим. Турмуш ўртоғим ҳам менинг қизиқишимни қўллаб-қувватладилар. Мана уч ойдирки, гимнастика билан шуғулланяпман. Спорт туфайли ҳаётга бўлган завқим ошди, вазним енгиллашиб, ўзимни соғлом ва бахтиёр ҳис этяпман. Маҳалламиз ҳудудида жойлашган 36-ўрта умумтаълим мактаби спорт залида ҳар куни икки соатдан машғулот ўтиляпти, бу машғулотларда 35 ёшдан 50 ёшгача 20 нафар уй бекалари иштирок этишяпти. Бизнинг сафимиз эндиликда фақат ортиб боради.
Ўзига хос спорт байрами Мустақилликнинг 25 йиллиги арафасида ўтказилаётгани туфайли янада шукуҳли, кўтаринки руҳда ўтди. Тадбир сўнгида вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова иштирокчилар ва тадбирни ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилган барчага хотин-қизлар қўмитаси номидан миннатдорчилик билдирди. Ғолиб жамоаларга, спорт турлари бўйича фахрли 1-2-3 ўринларни эгаллаган опа-сингилларимизга республика ҳамда вилоят хотин-қизлар қўмиталарининг фахрий ёрлиқлари ҳамда ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди. Ушбу фестивалнинг ёрқин таассуротлари унда қатнашган аёлларимизнинг қалбида узоқ вақт сақланиб қолади.
Зебо Ҳайдарова