Click to listen highlighted text!

БОЁВУТ ТУМАНИДА АЁЛЛАР СПОРТ ФЕСТИВАЛИ

Юртимизда аёллар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш билан уларнинг саломатликларини яхшилаш орқали оилаларни мустаҳкамлаш  борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг 2016 йил 19 июлдаги  03/540-10-сонли хатига асосан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб, “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним” шиори асосида  “Аёллар спорт фестивали” нинг Боёвут туман босқичи  ўтказилди.

Тадбирни туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Замира Исроилова ўз табрик сўзи билан очиб берди.

 – Мустақиллик йилларида мамлакатимизда давлатимиз томонидан хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор натижасида нафақат дунё миқёсида спортчиларимиз юксак натижаларни қўлга киритаётгани, балки аёллар саломатлиги яхшиланаётгани, бу соғлом авлодни тарбиялашда қўл келаётгани хусусида айтиб ўтиш жоиздир, – деди З.Исроилова  ўз сўзида. – Шу боисдан ҳам аёлларимизнинг спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш учун уларга зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмокда. “Аёллар спорт фестивали”ни ўтказишдан  асосий мақсадимиз туманимизда хотин-қизларимизни миллий ва оммавий спорт турларига кенг жалб этиш, уларни жисмонан бақувват, мустаҳкам иродали қилиб тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни аёлларимизнинг кундалик турмуш тарзига сингдиришдан иборат.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Боёвут туманида бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиб турилиши натижасида спорт билан мунтазам шуғулланувчи хотин-қизларимиз сафи кенгайиб бормоқда.

Тадбирда фестиваль Низоми ҳамда махсус тайёрланган сценарий асосида спортнинг волейбол, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, дартс, сузиш ва гимнастрада турлари бўйича маҳаллалардаги ёши 25 дан юқори бўлган уй бекалари беллашишди. Беллашув натижаларига кўра “Аёллар спорт фестивали”нинг вилоят босқичига спортга ошно уй бекаларидан 21 нафари саралаб олинди. Фестивал иштирокчилари  туман хотин-қизлар қўмитаси ҳамда туман ҳокимлиги, бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти томонидан тайёрланган эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

З.Сатторқулова Боёвут туман ҳокимлиги БКУҚ раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!