ҲАШАРЧИЛАР МУКОФОТЛАНДИ
Шу кунларда Сирдарё вилоятида пахта териш мавсуми юқори суръатларда давом этмоқда. Ушбу халқ ҳашарида иштирок этаётган, уюшмаган аҳолидан ташкил топган отрядларнинг илғор теримчилари ҳар томонлама рағбатлантирилмоқда. Хусусан, яқинда Сирдарё туманида етиштирилган пахта ҳосилини териб олишда юқори кўрсаткичларга эришган теримчилар, терим отрядлари мукофотланди. Терим мавсумида оиласи билан 10 тонна пахта терган хонадон эгаларига телевизор, музлаткич, газплитаси каби рўзғор буюмлари совға қилинди.
Теримнинг биринчи кунидан бошлаб пахта ҳосили теришда иштирок этаяпман. Ёғингарчиликсиз кузнинг илиқ кунларида ҳеч қандай машаққатсиз кечган пахта мавсумида умумхалқ ҳашарига чиқдик, -дейди Янгиобод МФЙда истиқомат қилувчи Лола Очилова.- Мавсум давомида 11 167 кг ҳосил йиғиб, териб олиб, ҳомий ташкилотлар совғаси – газплитани қўлга киритдик. Меҳнатнинг мукофоти ширин бўлар экан.
Пахталарни завқ билан тераман, – дейди Туркистон МФЙ вакили Сарвиноз Абдумаликова. – Бу йил оила аъзоларимиз биргаликда 12 548кг “оқ олтин”ни хирмонга қўшдик. Кир ювиш машинаси билан мукофотланганимиз уй бекаси сифатида мени жуда шодлантирди. Рўзғоримиз бут бўлиб, юмушларим енгиллашадиган бўлди.
Маҳаллалаларда фаол фуқаролар ташаббуси билан теримчиларнинг ихтиёрий жамоалари тузилган, – дейди туман хотин-қизлар комиссияси раиси Мавлуда Хусаинова.- “Мадад” гуруҳлари раҳбарлари билан туман фермерлар кенгаши ўртасида шартнома имзоланган. Шартнома бандларига мувофиқ теримчилар тоза ичимлик суви, иссиқ овқат, дори –дармон воситалари билан таъминланмоқда, шунингдек, хавфсизлик ва гигиеник талаблари таъминланган, терилган пахта учун ўз вақтида белгиланган нархда ҳақ олишга эришмоқдалар.
Туман кўнгилли ҳашарчиларининг 15 нафари қимматбаҳо рўзғор буюмлари билан рағбатлантирилди. Шунингдек, 5-7 тонна ҳосил йиғиб олган юзлаб теримчилар ҳам меҳнатларига муносиб совғалар олишди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири