Click to listen highlighted text!

“ИСТИҚЛОЛ ҒУНЧАЛАРИ” ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ

           Ёш авлодни бадиий ҳаваскорликка ва санъатга жалб этиш орқали уларда Ватанга муҳаббат, миллий ва маданий анъаналарга ҳурмат туйғуларини шакллантириш, уларни ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларига ҳисса қўшиш, маданият муассасаларида фаолият юритаётган болалар бадиий жамоаларидаги иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Федерация Кенгашининг “Соғлом она ва бола йили” дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Раёсати қарорига асосан  ўтказилаётган “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танловининг вилоят босқичи Сирдарё вилоятида ҳам юксак савияда ўтказилди.

             Гулистон шаҳридаги 2-мусиқа ва санъат мактабининг фаоллар залида ташкил этилган ушбу тадбирда вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари босқичларининг ғолиб ва совриндорлари бўлган ўғил-қизлар ўз иқтидорларини намоён этдилар.

            Уларнинг санъатларини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Сирдарё наволари” ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари Асатилло Холиқов бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бордилар.

            Шуни эътироф этиш жоизки,  Мустақиллик йилларида болалар ва ёшларга берилаётган улкан эътибор ва имкониятлар туфайли иқтидорли, ижодкор, ҳар томонлама баркамол ўғил-қизларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Ушбу тадбирда ҳам болалар ансамбллари – Гулистон туманининг “Деҳқон болалари” ансамбли, Оқолтин туманининг “Лола” рақс дастаси,  Боёвут туманидан ташриф буюрган карнайчилар гуруҳи  ижролари  нуфузли ҳакамлар ҳайъати эътиборига тушди ҳамда томошабинларнинг давомли олқишларига сазовор бўлди. Якка чолғу ижрочилиги йўналиши бўйича Сирдарё туманидан ташриф буюрган Самандар Исматуллаев  ижро этган куй барчада ёқимли тассурот қолдирди. Эстрада йўналишида Ватан мадҳини  куйлаган Мирзаобод туманилик Шоҳжаҳон Абдуғаниевни ҳакамлар ҳайъати бир овоздан биринчи ўринга муносиб деб баҳоладилар.

            –  Биз жамоамиз билан  “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танловида иккинчи бор иштирок этишимиз,  2014 йилда  ўтказилган худди шундай танловда  вилоятда биринчи, республикада иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлган эдик,   – дейди “Деҳқон болалари” ансамблининг ёш раққосаси Ҳуррият Исроилова. – Мана бугун ҳам “Анъанавий ижро” йўналишида дастамиз биринчи ўринни эгаллади. Энди танловнинг республика босқичига қаттиқ тайёргарликлар кўриб, албатта биринчи ўринни эгаллашга ҳаракат қиламиз.

   – Касаба уюшмалари томонидан ўтказилаётган, болаларимизнинг иқтидорларини қўллаб-қувватлаб, юзага чиқаришга кўмаклашаётган  бундай тадбирлар катта аҳамиятга эга, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё тумани Кенгаши раиси Мурод Ҳайитқулов. – Биз туманимизда ҳам ушбу танловни юқори савияда ташкиллаштирдик ва вилоят босқичига энг иқтидорли ўғил-қизларни олиб келдик. Натижа яхши – битта биринчи ва учта иккинчи ўрин. Болаларнинг кайфияти аъло, бундан кейин янада кўпроқ тайёргарлик кўришни ҳозирданоқ режалаштиришмоқда.

            Тадбир сўнгида ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари ҳам сўзга чиқишиб, жажжи санъат шайдоларига ўз тилакларини билдирдилар, тавсияларини бердилар.

    Ғолиб ва совриндорларга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан тайёрланган совғалар тантанали мусиқа садолари остида тақдим этилди.

            Тадбирда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров иштирок этди ва сўзга чиқди.

                               Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!